Пойтахтимизда ФИФА тадбирлари доирасида туркий давлатлар футбол вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси, Туркия, Венгрия, Озарбайжон ва Қозоғистон футбол ассоциациялари мутасаддилари қатори ОФК ва УЕФА вакиллари ҳам қатнашган анжуман очиқ ва конструктив руҳда кечди.

Футбол бўйича мутахассислар, мураббийлар, ҳакамлар тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашиш, футбол ассоциациялари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш каби қатор масалалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мулоқот давомида футболни ривожлантириш ва оммалаштириш, миллий терма жамоалар ва клублар ўртасида халқаро мусобақаларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон халқаро футбол ҳаракатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган мамлакатлардан бирига айланиб бораётгани эътироф этилди.

Т.Рўзиев, ЎзА