Футбол бўйича мамлакатимиз Суперлигасида бугун, 5 октябрь куни 21-тур ўйинлари бошланади. Ушбу турда фақатгина “Сурхон” – “Олимпик” ўртасидаги учрашув ноябрь ойига қолдирилгани боис, 6 та жуфтлик баҳсларини кузатамиз.
Бугун “Турон” ҳамда “Металлург” жамоалари ўртасидаги ўйин маҳаллий вақт билан соат 18:30да бошланади. Мазкур баҳсда мезбонлар фақатгина ғалаба учун майдонга тушади. Сабаби, “Турон” 12 очко билан лига жадвалининг сўнгги поғонасида бормоқда. Бироқ жамоа битта ўйин кам ўтказганини инобатга олсак, ҳали Суперлигада қолиш имконияти бор.
6 октябрь куни “Қизилқум” жамоаси сафарда “Бунёдкор”га қарши майдонга тушади. Гарчи пойтахт клуби медалларга асосий даъвогар бўлмасада, ўз уйида ўтган турдаги каби мухлислари олдида мағлуб бўлишни хоҳламайди. Рақиб эса “Турон” ва “Бухоро” каби Суперлигада қолиш учун бор эътиборини ғалабага қаратиши аниқ.
Суперлиганинг 7 октябрь кунги дастуридан “ОКМК” – “Сўғдиёна”, “Насаф” – “Нефтчи” учрашувлари ўрин олган.
Турнинг марказий учрашуви мақомида ўтадиган мазкур ўйинга футбол мухлисларининг қизиқиши ўзгача. Осиё чемпионлар лигасидаги кетма-кет мағлубиятлар “ОКМК” жамоаси аъзоларининг кайфиятини туширди. Шунингдек, жамоа лига баҳсларида ҳам қарийб икки ойдан бери уч очкони қўлга кирита олмаяпти. Шу сабабдан ҳам Суперлига баҳсларида ғалаба қозониши зарур. “Сўғдиёна” эса ўтган уч тур мобайнида ғолиблик лаззатини тотгани йўқ. Икки жамоа ҳам ғалаба иштиёқида ёнмоқда.
“Насаф” ҳозирда ўзининг энг юқори даражасидаги ўйинларини ўтказмоқда. Қаршиликлар ОЧЛ гуруҳ босқичида иккита ғалаба билан пешқадам бўлиб турибди. Қолаверса, Суперлигада медалларни қўлга киритишга “Нефтчи”нинг асосий таъқибчиси бўлиб турибди. “Нефтчи” ҳам осонгина таслим бўладиган жамоа эмас. Сўнгги турда “Бухоро”ни 3:0 ҳисобида енггани ва чемпионлик учун курашни давом эттираётгани сабабли, Қаршидаги ўйин кескин ва муросасиз ўтади дея оламиз.
Суперлига баҳслари 21-турига 8 октябрь куни “Андижон” – “Пахтакор” ва “Бухоро” – “Навбаҳор” учрашувлари якун ясаб беради.
Халқаро майдондаги ўйинларда ўйини ўхшамаётгани, бу икки азалий рақиб жамоалар Тошкентдаги баҳсда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнагани ва “шерлар” мусобақа жадвалида пешқадам бўлса-да, асосий таъқибчилари тобора яқинлашаётгани пойтахт клуби мухлислари эътирозига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳам “Пахтакор” Андижонга фақат ғалаба учун боради.
“Навбаҳор” ҳозирда чемпионлик учун асосий даъвогар. “Бухоро” эса охирги поғоналарда бормоқда. Табиийки, ҳар икки жамоа учун очколар муҳим. Шу сабабли, урашув қизиқарли ўтиши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз, 20-турдан сўнг жадвалда “Пахтакор” 43 очко билан карвонбошилик қилмоқда. “Навбаҳор” ва “Нефтчи” 37 очко билан кучли учликдан ўрин олган. Бироқ фарғоналикларда бир ўйин кам. “Насаф” эса 36 очко жамғарган ҳолда тўртинчи поғонада бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири