Ханчжоуда катта ҳаяжон билан давом этаётган XIX Осиё ўйинларининг тўққизинчи куни ортда қолди.

Кутилганидек, медаллар жамғариш борасида Хитой терма жамоаси пешқадамликни қўлдан бермай келмоқда.

Мезбонлар 143 та олтин, 80 та кумуш, 40 та бронза медалига эга чиққан ҳолда 45 та давлат орасида якка етакчига айланган. Ундан кейинги ўринда бораётган Япония(33-39-45), Жанубий Корея(31-39-63), Ҳиндистон(13-22-23), Хитой Тайпейи(12-1017), Ўзбекистон(11-14-18), Таиланд(10-7-16), Шимолий Корея(7-10-5) давлатлари бормоқда.

Ёзги Осиё ўйинлари ташкилотчиларининг сўзларига кўра, тўққиз кунлик мусобақалар натижасида спортчилар “кичик олимпиада”нинг 250 тадан зиёд олтин медалларига эга чиқишди. Бугунгача Ханчжоудаги 48 та спорт мажмуаси ва стадионида 3 минг 500 тага яқин беллашувлар ташкил этилди. Умумий ҳисобда ўйинларнинг 74 фоиз мусобақалари ташкил этиб бўлинди. Олтин медалларнинг 50 фоиздан ошиғи тақсимланди. Иштирокчи давлатларнинг 35 тага яқини у ёки бу даражадаги совринларни қўлга киритди. 10 га яқин давлат вакиллари ҳали биронта ҳам медалга эга чиқмади.

– Бу галги Осиё ўйинлари иштирокчилар сони бўйича энг йириги бўлгани боис, тадбирларни ташкил этиш ва бошқариш жуда мураккаб бўлмоқда. Мусобақаларни ташкил этишда 4 минг 550 нафардан зиёд техник мулозим, 1 минг 540 нафарга яқин байроқ кўтариш, совғаларни улашувчи ва бошқа ходимлар иштирок этаётгани, шунингдек, алоҳида спорт турлари бўйича 200 нафар атрофидаги халқаро спорт мутасаддилари қатанашаётгани Ханчжоу-2022 нуфузини, Осиё қитъаси спорт вакиллари дунёвий тадбирларни ўтказишда якдил эканлигини кўрсатди, – деди ўтказилган матбуот анжуманида ташкилий қўмита тарғибот департаменти директори Сю Дезин.

Дарҳақиқат, бир йил кечиктириб ўтказилаётган қитъа олимпиадасида ўтган ва ўтаётган 40 та спорт турининг 61 та йўналишидаги мусобақаларнинг ҳар жиҳатдан юқори даражада ўтиши учун халқаро спорт ташкилотлари, қитъа спорт федерациялари, Осиё олимпия кенгаши томонидан юзлаб ҳакамлар, спорт турлари мутасаддилари, шифокорлар, экспертлар гуруҳи баҳсларни бошқариб боришда, техник томонларини назорат қилишда қатнашмоқда.

Осиё олимпия кенгаши, “Ханчжоу-2022” ташкилий қўмитаси ҳамда халқаро спорт ташкилотлари қарорига асосан 40 та спорт турининг бир нечтасида ўзбекистонлик 25 нафардан зиёд тажрибали ҳакамлар, спорт мутахассислари фаолият кўрсатаётгани жаҳон эътиборидаги халқаро спорт анжуманида юртимиз вакилларининг ўз ўрни борлигидан далолат.

Айни кунларда Осиё ўйинларининг оғир атлетика мусобақаларини ўтказиш қўмитаси раиси сифатида Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, мамлакатимиз оғир атлетика федерацияси раиси ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов фаолият кўрсатаётгани, якунланган дзюдо мусобақаларида Рамзиддин Саидов, таэквондода Димитрий Ким, қиличбозликда Дилором Турдиқулова, енгил атлетикада Андрей Абдувалиев, гимнастикада Равшанбек Мирзаев, Стелла Кашекина, Тимур Абдувалиев, байдарка ва каноэда Исмоил Эгамбердиев, теннисда Александр Багдасаров, Руслан Турсунов, Дмитрий Дуранидис, Евгения Ведушина, ушуда Дилшод Бозоров, каратэда Азиз Бўриев, курашда Иброҳим Каримов, Манзура Турсунова, Нукусбой Дониёров, шахматда Ҳасан Турдиалиев, оғир атлетикада Акром Низомиддинов, Зуҳра Абдуллаева, синхрон сузишда Алина Пионтовская, Элмира Файзуллаева, сувга сакрашда Бобур Ҳасанов, спорт курашларида Ғайратилло Абдуллаев ва Тўймурод Азизов ҳакамлик қилиши, бадиий гимнастика мусобақаларини ўтказиш қўмитасига Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси ўринбосари Гўзал Мўминова раҳбар сифатида фаолият кўрсатиши мамлакатимиз спорт мутахассисларининг салоҳияти юқори эканининг яққол исботи, дейиш мумкин.

Хабар берганимиздек, ортда қолган тўққизинчи кунги мусобақаларда юртимиз спортчилари 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.

Бундан ташқари, шахмат баҳсларида қатнашаётган ҳамюртларимиз жамоавий баҳсларнинг 4-тур ўйинларини якунлашди. Нодирбек Абдусатторов етакчилигидаги йигитларимиз Эрон жамоасига 1.5-2.5 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, қизларимиз Жанубий Корея вакилларини 4:0 кўринишида доғда қолдирди. 5-тур ўйинида йигитларимиз Хитой, қизларимиз Гонконг жамоаси билан куч синашади.

Чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Осиё ўйинларидаги илк ғалабасига эришди. “А” гуруҳидан ўрин олган ҳамюртларимиз 5-турда Сингапур жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Камондан отиш бўйича саралаш босқичининг иккинчи кун беллашувларида ҳамюртимиз Амирхон Содиқов чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. У саралаш баҳсларида барча рақибларидан устун эканини исботлади. Амирхон 3 октябрь куни ўтадиган чорак финал баҳсида Жанубий Корея вакили Вусеок Ли билан финал йўлланмаси учун баҳслашади.

Енгил атлетикачимиз Шарифа Давронова узунликка сакраш баҳсларини 15 нафар спортчи ичида 8-ўринда якунлаган бўлса, сувга сакраш дастурида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Вьячеслав Качанов ҳам 15 нафар спортчи ичида 8-ўриндан жой олди. Оғир атлетикачимиз Шаҳлохон Абдуллаева силтаб кўтариш баҳсларини 110 килограмм, даст кўтаришда 88 кило, умумий ҳисобда 198 килограмм натижа қайд этди.

3 октябрь куни ўтадиган Осиё ўйинларининг ўнинчи кунги мусобақаларида 26 дастурда беллашувлар ўтса, шундан 10 тасида совринли ўринлар учун курашлар кечади.

Велоспортнинг шоссе йўналишида Ольга Забелинская аёллар ўртасида, Алексей Фомовский эркалар ўртасида, каноэда эшкак эшишда Шоҳсанам Шерзодова, байдаркада эшкак эшишда Мадинахон Ашрафхонова, каноэда эшкак эшишнинг эркаклар ўртасидаги жуфтлик баҳсида Шоҳмурод Ҳолмуродов ва Нурислом Тўхтасин ўғли, байдаркада эшкак эшишнинг эркаклар ўртасидаги тўртлик баҳсида Самандан Ҳайдаров, Вильям Ибрагимов, Денис Онуфриев, Озоджон Амриддинов, байдаркада эшкак эшишнинг аёллар тўртлигида Шаҳризода Мавлонова, Арина Танатмишева, Екатерина Шубина, Юлия Борзова, каноэда эшкак эшишнинг аёллар жуфтлик баҳсида Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова, енгил атлетика мусобақаларида Сафина Садуллаева ва Светлана Радзивил медаллар учун даъвогарлик қилади.

Альпинизм беллашувларининг саралашида Асал Исломова аёллар ўртасида, Марк Рогалев эркаклар ўртасида қатнашса, сувга сакраш мусобақаларида Вячеслав Качанов ва Игорь Мьялин, гимнастиканинг трамполин дастурида Миршоҳид Ҳасанбоев ўз омадларини синаб кўришади.

Боксчи қизларимиздан Нигина Ўктамова 54 килограммда Шимолий Кория вакили Чолми, йигитларимиздан Ҳасанбой Дўсматов 51 килограммда покистонлик Зоҳаиб Рашид Баҳодир Жалолов оғир вазнда хитойлик Данабаик Байкузи билан ярим финал жангларини ўтказса, 57 килограммдаги боксчимиз Абдумалик Халоков  Филлипин терма жамоаси аъзоси Карло Палаамга қарши чорак финал жангида рингга кўтарилади.

Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг ярим финалда Шимолий Корея билан рўбарў келаётган ўйини ҳам Ханчжоу-2022 нинг марказий баҳсларидан бири бўлиши шубҳасиз.

Эслатиб ўтамиз, XIX Осиё ўйинлари 8 октябрга қадар давом этади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА