Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг 1-тур учрашувлари якунланди. “D” гуруҳидан ўрин олган «Реал Сосьедад» ва «Интер» учрашуви 1:1 ҳисобида якунланган бўлса, “С” гуруҳида «Наполи» сафарда «Брага»ни қийинчилик билан 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
“В” гуруҳида “Арсенал» ўз майдонида ўтган ўйинда “ПСВ”ни 4:0 ҳисобида енгди. Унда Сака, Троссард, Жезус ва Эдегор ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. «Ланс» эса «Севилья» меҳмони бўлди. Мазкур баҳс 1:1 ҳисобида якунланди. Чемпионлар лигасининг “А” гуруҳида «Бавария» ўз майдонида «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилди. Еттита гол урилган учрашувда мезбонлар 4:3 ҳисобида зафар қучди.
Майдон эгалари сафида Сане, Гнабри, Кейн (пенальти) ва Тель ўз ҳисобига гол ёздириб қўйган бўлса, меҳмонларнинг уч голини Хойлунд ва Каземиро (дубль) урди. «Галатасарой» – «Копенгаген» учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилди.
“С” гуруҳида пешқадам дея эътироф этилган Мадриднинг «Реал» клуби «Унион Берлин» устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндаги ягона голни 93-дақиқада Беллингем киритди.
Чемпионлар лигасининг 1-туридан ўрин олган учрашувлар ўз ниҳоясига етди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири