Футбол хабарлари
Жорий ҳафта футбол ихлосмандлари узоқ вақт кутган мусобақалар бошланди. Гап шундаки, бир қатор таниқли футболчилар маҳаллий чемпионатларда ўзларини кўрсата олмаётган бир пайтда Осиё чемпионлар лигаси ва Европа чемпионлар лигаси мусобақалари старт олди. Бу эса улар учун яхши имконият.
Жумладан, кўплаб футбол мухлисларининг эътибори ОЧЛ гуруҳ босқичидаги баҳсларга қаратилди. Айниқса, ҳамюртларимизнинг бу йил мазкур мусобақага қизиқиши анча ортди.
Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи биринчи тур учрашувларида “Насаф”, “ОКМК”, “Навбаҳор” ва “Пахтакор” каби клубларимиз ўзларининг илк ўйинини ўтказди.
Дастлаб, Иорданиянинг “Ал-Файсали” клубига қарши ўтган ўйинда Қарши шаҳрининг “Насаф” жамоаси 0:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз гуруҳи пешқадамига айланди. Таркибида Неймар ва бошқа футбол юлдузлари бўлган мезбон жамоа “Ал-Ҳилол” билан ўйнаган Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ғалабага тенг дурранг қайд этди. Бу ўзбек футбол ихлосмандларини қувонтирди. Аммо “Ал-Иттиҳод” ўз майдонида “ОКМК”ни мағлуб этгани, “Пахтакор” БААнинг “Ал-Айн” клубига йирик ҳисобда имкониятни бой бергани мухлисларни ранжитди. Умид қиламизки, жамоаларимиз иккинчи тур учрашувларида ўз ўйинларини янада кучайтириб, ғалабага эришадилар.
Шунингдек, ОЧЛ гуруҳ босқичининг “A” гуруҳидан ўрин олган “Ан-Наср” клуби учрашувлари нафақат Осиё, балқи дунё бўйича катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Бунга сабаб эса Криштиану Роналду экани барчамизга маълум. Жорий мавсум Саудия Арабистонига келган футбол юлдузи ўзининг ёрқин ўйинлари билан янги жамоасига муваффақият келтирмоқда.
Лекин, Чемпионлар лигасининг биринчи туридан ўрин олган “Персополис” — “Ан-Наср” учрашувида Роналду кутилгандек ўйин кўрсата олмади. Гарчи “Ан-Наср” сафарда 0:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсада, Криштиану Роналду 6,4 балл тўплаган ҳолда майдондаги энг ёмон ўйинчилар қаторидан жой олди. У ўйинда бор йўғи 27 бор тўпга тегинди ва дарвозага бир маротаба зарба берди.
Энди эса Европа чемпионлар лигасининг илк турида қайд этилган натижалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Мазкур мусобақанинг “Е” гуруҳидан ўрин олган “Лацио” ва “Атлетико” ўртасидаги ўйинда футболда кам учрайдиган ҳолат юз берди. Дастлаб, 29-дақиқада Барриос ҳисобни очган бўлса, 95-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда “Лацио” дарвозабони Проведел боши билан гол уриб, жамоасини муқаррар мағлубиятдан қутқариб қолди. Шу тариқа, “Атлетико” гуруҳда иккинчи “Лацио” эса 3-ўринга жойлашди.
“F” гуруҳида “ПСЖ” ўз майдонида “Боруссия Дортмунд” устидан ишончли тарзда ғалаба қозонди. Ўйинда Килиан Мбаппе ва Ашраф Ҳакими рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди. Шунингдек, “Манчестер Сити” ва “Црвена Звезда” учрашуви 3:1 ҳисобида якунланди.
Европа чемпионлар лигасини “Барселона”сиз тасаввур қилиш қийин. Гарчи сўнгги йилларда ушбу клуб яхши натижа қайд этмаётган бўлсада, клуб мухлисларининг бу йилги чемпионатдан умидлари катта. Бу йилги баҳсларни “G” гуруҳида бошлаган каталонияликлар илк учрашувда “Антверпен” устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйинда Фелиш дубль қайд этган бўлса, Левандовски ва Гави бир мартадан дарвозани аниқ нишонга олди. Шунингдек, Елле ўз дарвозасини ишғол қилиб қилди. Ушбу ғалабадан кейин каталонияликлар ўз гуруҳида пешқадамга айланиб олди.
ЕЧЛ гуруҳ босқичида “Милан” — “Ньюкасл” учрашуви 0:0 ҳисоби билан якунланди.
Бугун, 20 сентябрь куни гуруҳ баҳслари доирасида “Галатасарай” – “ФК Копенгаген”, “Бавария – “Манчестер Юнайтед”, “Арсенал” – “ПСВ Эйндховен”, “Севилья” – “Ланс”, “Реал Мадрид” – “Унион Берлин”, “Брага”- “Наполи”, “Бенфика” – “Зальцбург”, “Реал Сосьедад” – “Интер” учрашувлари ўтказилади.
Бугунги учрашувлар олдидан Мадриднинг “Реал” жамоаси ҳимоячиси Дани Карвахал жароҳат олди ва номаълум муддатга сафдан чиқди. Бу эса клуб учун муҳим учрашув олдидан катта йўқотиш экани шубҳасиздир.
Шунингдек, “Бавария” бош мураббийи Томас Тухел “Манчестер Юнайтед”га қарши учрашувда жамоасига ёрдам бера олмайди. Сабаби, унинг битта ўйинга дисквалификацияси бор. Сабаби, ўтган мавсумнинг чорак финалидан ўрин олган “Бавария” — “Манчестер Сити” тўқнашувининг жавоб баҳсида германиялик мутахассис қизил карточка олиб, майдонни тарк этганди. Шу билан бирга, битта учрашувга дисквалификация ҳам қилинган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири