Хабарингиз бор, бугун 19 сентябрь куни ОФК Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи биринчи турида “Пахтакор” жамоаси БААнинг “Ал-Айн” клубини қабул қилади. Мазкур баҳс “Бунёдкор” стадионида соат 19:00 да бошланади.
Унда “Пахтакор” жамоаси сариқ рангли либосда майдонга тушади. Ушбу учрашувни Жанубий Кореядан ташриф буюрган ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.
Ўйинга доир қизиқарли фактлар ҳақида маълумот берадиган бўлсак, Осиё Чемпионлар лигаси доирасида “Пахтакор” Бирлашган Араб Амирликлари жамоаларига қарши жами 21 та учрашув ўтказган бўлиб, шуларнинг 12 тасида ғалаба қозонган. 5 та ўйинда дуранг ва 4 баҳсда имкониятни бой бериб қўйган.
Мазкур баҳсларда “шерлар” рақиб дарвозасига 33 маротаба тўп киритиб, ўз дарвозасидан 21 та тўп олиб чиққан. Мазкур мусобақада пойтахтимиз бош жамоаси БАА клубларидан “Аҳли”, “Ваҳда”, “Айн”, “Банияс”, “Шабаб”, “Жазира”, “Наср”, “Шабаб Ал-Аҳли” ва “Шаржа” билан ўйин ўтказган.
“Ал-Айн”га қарши “Пахтакор” тўрт марта тўқнаш келган. 2010 йилги илк учрашувда «Пахтакор» сафарда 0:1, Тошкентда эса 3:2 ҳисобида зафар қучган. 2015 йил Тошкентдаги ўйинда вакилларимиз кичик ҳисобда мағлубиятга учраган ва ўша йили сафарда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилган. Шуни таъкидлаш лозимки, ўзбек клубларидан фақат “Пахтакор”гагина “Ал-Айн”ни мағлуб этиш насиб қилган.
Бугун ушбу жамоалар бешинчи бор тўқнаш келади. Мазкур баҳсда пойтахтимиз бош жамоаси “Пахтакор”дан фақатгина ғалаба кутиб қоламиз ва ўзаро ўйинлардаги тафовутни янада ошишига умид қиламиз.
Дарвоқе, “Пахтакор” ва “Ал-Айн” ўртасидаги учрашувни “Спорт” телеканали орқали жонли эфирда томоша қилишингиз мумкин.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири