Аввал хабар берганимиздек, футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг биринчи тур учрашувларига старт берилди. Унда “Насаф”, “ОКМК” ва “Навбаҳор” каби клубларимиз ўзларининг илк ўйинини ўтказди.

Иорданиянинг “Ал-Файсали” клубига қарши ўтган ўйинда Қарши шаҳрининг “Насаф” жамоаси 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур ўйиндаги ягона голга 90+8 дақиқада Зафармурод Абдураҳматов муаллифлик қилди. Шунингдек, “B” гуруҳидан ўрин олган иккинчи ўйинда  “Ас-Садд” – “Шаржа” ўзаро рақобатлашди. Ушбу ўйин 1:1 ҳисобида якунланди.

Ушбу натижадан сўнг “Насаф” ўз гуруҳи пешқадамига айланди.

Жидда шаҳридаги “Abdullah Ал-Faisal Stadium”да ўтган “Ал Иттиҳод” ва “ОКМК” учрашувида афсуски ҳисоб 3:0 кўринишини олди. Ўйинда майдон эгаларига ғалаба келтирган голларни Камара ва Ромаринё (дубль) жамоамиз дарвозасига киритди.

Осиё чемпионлар лигаси “C“ гуруҳидан ўрин олган ”Эйр-Форс“ — ”Сепаҳон” баҳсида 2:2 натижаси қайд этилди.

Шу тариқа мазкур гуруҳда “Ал Иттиҳод” 3 очко билан гуруҳда 1-поғонага чиқиб олган бўлса “Эйр Форс” иккинчи, “Сепаҳон” эса учинчи поғонадан жой олди.

Осиё чемпионлар лигаси “D” гуруҳида биринчи турнинг энг қизиқарли ва муросасиз ўтган баҳси Ар-Риёд шаҳрида жойлашган “Қирол Фаҳд” стадионида ўтди. Унда мезбон жамоа “Ал-Ҳилол» ва Наманганнинг “Навбаҳор” клуби баҳс олиб борди.

Учрашувнинг 52-дақиқасида Тома Тобатадзе рақиб дарвозасини ишғол қилиб, “Навбаҳор”ни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлим якунланиши арафасида учрашув ҳаками ўйинга 14 дақиқа қўшиб берди. Қўшимча вақтнинг 10 дақиқасида Ал-Булайҳи гол уриб мувозанатни тиклади. Шу тариқа, ўз таркибида бразилиялик Неймар ва бир қатор маҳоратли футболчилари бўлган “Ал-Ҳилол» клуби ўз майдонида дуранг қайд этди.

Шунингдек, гуруҳнинг иккинчи ўйини “Мумбай Сити” ва “Насажжи Мозандарон” жамоалари ўртасида ўтди. Ушбу баҳсда меҳмонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шундай қилиб, бу гуруҳда “Насажжи Мозандарон” 3 очко билан яққол пешқадамга айланиб олди.  “Ал-Ҳилол» ва “Навбаҳор” клублари эса 1 очко билан иккинчи ҳамда учинчи ўринни эгаллади.

Энди Осиё чемпионлар лигасининг иккинчи турида “ОКМК” ўз майдонида “Эйр-Форс”ни қабул қилса, Қаршида “Насаф” “Ас-Садд”ни синовдан ўтказади. Бу баҳслар 2 октябрь куни бўлиб ўтади. 3 октябрь куни эса “Навбаҳор” ва “Мумбай Сити” клублари ўзаро рақобатлашади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири