“Кичик Олимпиада” номи билан машҳур бўлган XIX ёзги Осиё ўйинлари бошланишига ҳам роппа-роса 4 кун қолди. Осиё ўйинлари тарихида энг кўп иштирокчини жамлайдиган бу галги ўйинларда қитъанинг 45 та давлатидан 12 минг 417 нафар спортчи иштирок этиши кутилмоқда.

Бу 2018 йили Индонезияда ташкил этилган ўйинлардаги иштирокчилардан 1 минг 117 нафарга кўп. Айтиш лозим, Индонезия спорт майдонларидаги қитъа баҳсларида 11 минг 300 нафар спортчи иштирок этган эди.

Осиё олимпия кенгаши (ОCА) Бош директори вазифасини бажарувчи Винод Кумар Тиварининг айтишича, бундай катта қамров Осиё ўйинлари тарихида биринчи марта амалга оширилмоқда. Ўйинлар давомида 9 та спорт турида “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмалари учун кураш кечиши “Ханчжоу-2022” мусобақаларининг шиддати ва унинг нуфузи нечоғли баландлигидан далолат.

Хўш, “Ханчжоу-2022” ўйинларида қайси давлат қанча спортчи билан иштирок этади? Ўзбекистон спорт делегациясининг мусобақаларда ғалаба қозониш имкониятлари қандай? Сифат коэффициенти нималарда акс этади?

Ўз спорт майдонларида кечадиган қитъа ўйинларида хитойлик 886 нафар спортчи медаллар учун кураш олиб боришини эълон қилди. Расмий ахборотга кўра, Хитой Осиё ўйинларида барча ёрдамчи ходимларни ҳисобга олган ҳолда, 1 минг 239 нафар спортчи, мураббий ва мутахассислардан иборат жамоани ташкилий қўмита рўйхатидан ўтказган.

Осиё ўйинларида қатнашадиган хитойлик спортчиларнинг ўртача ёши 25 ёш бўлиб, улар орасида 13 ва 60 ёшлилар ҳам борлиги таъкидланган.

Жанубий Корея Осиё ўйинлари тарихидаги энг йирик спорт делегациясини “Ханчжоу-2022”га жўнатишга ҳозирланмоқда. Делегация спортчиларининг умумий сони 867 нафардан иборатлиги билдирилган. Спортчиларга, шунингдек, 273 нафар мураббий ва расмийлар ҳамроҳлик қилиши белгиланган бўлиб, Жанубий кореялик спортчилар 39 та спорт туридаги баҳсларда ўз омадларини синаб кўриши қайд этилган.

Осиё ўйинларининг етакчилигига даъвогар бўлган Япония спорт жамоаси бир йил кечиктириб ўтказилаётган қитъа ўйинларида 1 минг 100 нафарга яқин спортчи билан иштирок этишни мақсад қилган.

Халқаро спорт мусобақаларидан уч йилга четлатилган Шимолий Корея Хитой спорт майдонларида кечадиган ўйинларга 200 нафарга яқин спортчисини жўнатишга тайёрланмоқда.

Шимолий Корея спортчилари “Ханчжоу-2022” ўйинларида камондан отиш, баскетбол, футбол, стол тенниси, волейбол ва оғир атлетика каби 18 спорт турида мамлакат шарафини ҳимоя қилиши кутилмоқда.

Жаҳон спортида тобора ўз номини баралла айтаётган Ҳиндистон спорт делегацияси бу галги Осиё ўйинларига жиддий тайёргарлик кўрганлиги уларнинг билдираётган фикрларида аён бўлмоқда. Медалларга эгалик қилиш борасида “иштаҳаси карнай” Ҳиндистон 19-Осиё ўйинларида 634 нафар спортчини шиддатли беллашувларга тайёрлагани тасдиқлади.

Мамлакат Олимпия ассоциацияси президенти П.Т.Уша спорт жамоасини Осиё ўйинларига кузатиш маросимида ҳар бир чизиқдаги баҳс Осиё ўйинлари медаллари учун эгалик қилиш нуқтаси ҳисобланишини, бу ҳинд спорти муваффақиятини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлигини айтиб ўтган.

Эътиборли жиҳати, Осиё ўйинлари дастури шу қадар кенг кўламлики, унда Олимпия ўйинларидагидан ҳам кўпроқ спортчилар қатнашади. 2021 йили Токиода ташкил этилган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирокчи спортчилар сони 205 та давлатдан 11 минг 656 нафарни ташкил этган бўлса, “Ханчжоу-2022” ўйинларининг қатнашчилари айтиб ўтганимиздек, 12 минг 417 нафардан иборат бўлмоқда.

Мусобақалар мобайнида Осиё ўйинларининг 474 та медаллар жамланмаси 40 та спорт турининг 61 та йўналишида кечади. Шундан 28 таси Олимпия ва 12 таси ноолимпия спорт турлари. 381 та медаллар жамланмаси Олимпия спорт турларига, 93 таси ноолимпия спорт турларига тўғри келмоқда.

Қўшни Қозоғистон давлати ўйинларда спортнинг 33 та турида 525 нафар спортчи билан қатнашишини эълон қилди. Бу, қўшни мамлакат делегациясининг Осиё ўйинларидаги рекорд таркиби ҳисобланади.

Худди шунингдек, “Ханчжоу-2022” ўйинларида Эрон 289, Бангладеш 240, Гонконг 681, Вьетнам 320, Индонезия 415, Сингапур 431, Қатар 180, Филиппин 395, Покистон 222 нафар спортчи билан иштирок этиш талабномасини тақдим этган. Албатта, бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Аммо, ўйинларда медаллар учун курашда спорт жамоаларининг сони билан бирга сифат кўрсаткичи ўртасидаги тафовут ҳам ҳал қилувчи роль ўйнаши табиий.

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон спорт делегацияси 38 та спорт туридан 370 нафардан зиёд спортчи билан қатнашиши режалаштирилмоқда. Ҳамюртларимиз 32 та олимпия, 6 та ноолимпия спорт турларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Кўриниб турибдики, мамлакатимиз спорт делегацияси сон жиҳатдан Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Гонконг, Қозоғистон, Индонезия, Сингапур, Филиппин жамоаларидан ортда қолаётган бўлса, Эрон, Веьтнам, Покистон, Қатар каби мамлакатларни ортда қолдиришга муваффақ бўлган.

Қитъа ўйинларининг совринли ўринларига даъвогарлик борасида Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Қозоғистон спорт жамоалари ҳозирдан ўз прогнозларини баралла айтаётган бўлса-да, кўпгина спорт турларида Ўзбекистон спортчиларини асосий рақиблар даражасида талқин этишмоқда.

“Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларининг Ўзбекистон учун яна бир ўзига хос жиҳати, миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлган кураш мусобақалари орқали қитъа спортчилари байроғимиздан жило олган кураш либосларида, ўзбекона спорт иборалари бошқарувида беллашади. Бу Ўзбекистон, унинг байроғи Осиё ўйинларининг ўзига хос безаги бўлишини англатмоқда.

Жамоаларнинг сони медаллар салмоғига таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ сифат кўрсаткичи бирламчи бўлган баҳсларда профессионаллик, маҳорат, тактик-техник ёндашув муваффақиятнинг бош омили бўлиши шубҳасиз. Умид қиламизки, мамлакатимиз спортчилари, жамоалари айни жиҳатларни инобатга олган ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлайди. Бунинг учун спортчиларимизга давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар, қулайликлар яратиб берилдики, ишончга муносиб бўлиш Ўзбекистон спорт делегациясининг энг муҳим вазифаси саналади.

Эслатиб ўтамиз, ёзги Осиё ўйинлари 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон спорт делегациясининг асосий таркиби 21 сентябрь куни Хитойга йўл олади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА