Матбуот вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган етмишдан зиёд босма оммавий ахборот воситалари иштирокида “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати ахборот соҳасидаги мавжуд ҳуқуқий ва бошқа камчиликларни бартараф этиш юзасидан чоралар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Хусусан, Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан сўнгги бир йил давомида оммавий ахборот воситалари муассис ва таҳририятларига элликдан зиёд кўрсатма хатлари киритилгани таъкидлаб ўтилди. Қонунбузилиш ҳолатлари қайд этиш бўйича мунтазамликка йўл қўйиб келган “Хорошее настроение” газетаси гувоҳномаси Тошкент туманлараро иқтисодий судининг қарорига мувофиқ тугатилгани йиғилиш иштирокчиларига маълум қилинди.

Учрашув сўнгида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг илмий-маърифий билимини оширишга ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган мақолалар, ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга эга, долзарб мавзуларни тўғри танлаётган ва тезкорлик билан чоп этиб келган босма нашрларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Журналистлар соҳага тааллуқли бўлган ўзларини қизиқтириб келаётган турли хилдаги саволларга батафсил жавоб олди.