Россия Федерациясининг Уфа шаҳрида самбо бўйича ўтказилган Гран-при мусобақаси поёнига етди.

Хабар берганимиздек, халқаро турнирда мамлакатимизнинг бир қатор самбочилари баҳсларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллади.

Кеча жанговар самбо беллашувларининг +98 килограмм вазн тоифасида финал беллашувлари ташкил этилди. Унда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ислом Носиров олтин медаль учун кечган финал беллашувида мезбонлар вакили Магомед Тучалов билан рўбарў келди. Шиддатли ўтган баҳсда ҳамюртимиз ғолибликни тантана қилди. Унинг ғалабаси шарафига Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз юксалди.

Гран-при мусобақасининг сўнгги кунги беллашувлари сарҳисобига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 2 та бронза медали билан халқаро турнирни якунлади.

Т.Рўзиев, ЎзА