Маълумки, яқинда мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси ташаббуси билан ушбу юртда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, гастрономик ва экологик туризм соҳасидаги имконияти тақдимоти ўтказилди. Мазкур муҳим воқеа Озарбайжоннинг “Тренд” ахборот агентлиги эътиборидан ҳам четда қолмади.

Нашр эълон қилган ахборотда тадбир муносабати билан Хитойнинг 100 га яқин сайёҳлик уюшмаси, компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари тўпланган.

Ахборотда иштирокчилар республикамизда туризм хизмати кўрсатиш учун яратилган шарт-шароитлар билан батафсил таништирилгани, жорий йил октябрь ойида Самарқанд шаҳрида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеяси XXV юбилей йиғилиши бўлиб ўтиши таъкидланган.

Сайёҳлик компаниялари вакиллари Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги азалий тарихий алоқа ва маданий ўхшашликни алоҳида урғулаб, ҳозирги даврда мавжуд алоқаларни мустаҳкамлашда туризм муҳим аҳамият касб этишини маъқуллаган.

ЎзА