Хабар берганимиздек, АҚШнинг Атланта шаҳридаги «Мерседес Бенц» стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Мексика терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинини ўтказди.

ФИФА рейтингида 12-ўринда бораётган Мексика терма жамоасининг 74-қатордан жой олган Ўзбекистон билан учрашуви бир қарашда Америка қитъаси вакилларининг устунлигида кечадигандек эди. Аммо, ҳамюртларимиз океан ортига бекорга келмагани ўйин жараёнида яққол намоён бўлди.

Бир-биридан қизиқарли комбинацион ҳужумларга бой учрашувда жамоалар муроса йўлини танлашди. Ўйин 3:3 ҳисобида якунланди. Терма жамоамиз футболчиларидан Бобир Абдихолиқов, Азизбек Турғунбоев ва Отабек Шукуров Мексика дарвозасига киритилган голларга муаллифлик қилди.

Ўйин давомида терма жамоамиз аъзоларидан Ҳусниддин Алиқулов, Мексика терма жамоаси аъзоларидан Хесус Ангуло ва Жилберто Сепулведа огоҳлантириш олди.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА