Қирғизистонинг Жалолобод шаҳрида «Muras Yunayted» ва «Андижон» жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви олдидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Қирғизистон футбол иттифоқи раҳбари Медербек Сидиқов билан учрашди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида қардошлик, қўшничилик алоқалари ҳамда футболни ривожлантириш борасидаги ҳаракатлар янги босқичга чиққани таъкидланиб, истиқболли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш борасида ҳамфикр эканлигини билдиришди. Мулоқот давомида футболни ривожлантириш ва оммалаштириш, тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда икки мамлакат жамоалари иштирокида халқаро мусобақалар ва ўртоқлик учрашувларини кенгайтириш, мураббийлар, ҳакамлар ва яна қатор йўналишлар бўйича футбол мутахассисларини тайёрлаш учун алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш, болалар футболини ривожлантиришга кўмаклашиш масалаларини қамраб олган меморандум имзоланди.

Т.Рўзиев, ЎзА