Мамлакатимиз боксчиларининг Россия ва Қозоғистонда ўтаётган халқаро мусобақалардаги ғалабали одими давом этаётган бир паллада жорий йилнинг 23 сентябрь — 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтадиган XIX Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган боксчилар номи маълум бўлди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар кенгашининг қарорига кўра,  Осиё ўйинларида 51 килограммда Ҳасанбой Дўсматов, 57 килограммда Абдумалик Халаков, 63,5 килограммда Руслан Абдуллаев, 71 килограммда Асадхўжа Мўйдинхўжаев, 80 килограммда Тўрабек Ҳабибуллаев, 92 килограммда Лазизбек Мулложонов, +92 килограммда Баҳодир Жалолов ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Терма жамоамизнинг қитъа ўйинларидаги иштирокини Тўлқин Қиличев бош мураббий сифатида назорат қилиб борса, унга кубалик Стейнерс Тиссерт Хуан Энрике, Ли Эчеверия Хулио, Моралес Монтеро Хесус Альберто, ҳамюртларимиз Раҳматжон Рўзиохунов, Фаррух Қиличев, Акмал Ҳасанов, Даврон Ғофуров, Зиятдинбек Тойғонбоев, Ергали Ярашов мураббий сифатида кўмаклашади.

Аёллар терма жамоасидан эса Сабина Бобоқулова, Нигина Ўктамова, Ситора Турдибекова, Райҳона Қодирова, Навбаҳор Ҳамидова, Азиза Зокирова ўз вазнларида Осиё ўйинлари медаллари ва “Париж-2024” Олимпиадасининг йўлланмалари учун жанг олиб боради.

Бевосита Россия ва Қозоғистондаги халқаро мусобақаларга тўхталадиган бўлсак, Чеченистоннинг Грозний шаҳрида анъанавий «Аҳмат Қодиров хотира турнири»да қатнашган спортчиларимиз 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, 16 мамлакат вакиллари орасида ўзбек боксининг ўз ўрни борлигини намойиш этди.

Грозний рингларида кечган жангларда умидли боксчиларимиздан Шохруҳбек Кенжаев олтин, Миралижон Мавлонов ва Абдулазиз Абдураҳмонов кумуш, Шаҳзод Музаффаров ҳамда Шавкатжон Болтаев бронза медалларига сазовор бўлди.

Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳрида 2006-2007 йилларда туғилган ўсмир боксчилар ўртасидаги халқаро турнирда 3 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритган ёшларимиз мамлакатимизда Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Руслан Абдуллаев каби номдор боксчиларнинг муносиб издошлари камол топаётганини кўрсатди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари боксчилар учун “Париж-2024” Олимпиадасига тўғридан-тўғри йўлланма тақдим этиши билан аҳамиятли. Шу сабабли қитъа давлатлари Ханчжоуда бўладиган бокс мусобақаларига алоҳида эътибор билан ёндашмоқда.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА