Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Нукус шаҳар ҳокими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Нукус шаҳар ҳокими А.Данияров, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев, ички ишлар вазири Б.Торебеков, Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи М.Юсупов, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи А.Давлетов бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш борасида кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини таъкидлади.
Сўзга чиққанлар ёшлар ўртасида кўп учрайдиган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар, уларнинг олдини олиш, коррупцион ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш, турли оқим ва ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби иллатларнинг салбий оқибати тўғрисида тушунтиришлар берди. Ҳар бир талаба олийгоҳда таълим олиш жараёнида ўз олдига етук мутахассис бўлиш, эл-юрти учун хизмат қилишни мақсад қилиб қўйсагина, келажакда комил инсон бўлиши айтилди.
Учрашувда талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири