Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, техника фанлари доктори Aхмед Реймовга Беларус Республикаси Брест вилояти, Полесск давлат университетининг фахрий профессори унвони берилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, мазкур университетда таҳсил олаётган қорақалпоғистонлик талабалар иштирок этди.

Таъкидланганидек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети вакилларининг Полесск давлат университетига дастлабки расмий сафари 2021 йил май ойида бўлиб унда икки таълим муассасаси ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилди. Ҳозирда ҳамкорликда қатор лойиҳалар устида самарали фаолият юритиб келинмоқда.

Тадбир якунида Полесск давлат университети ректори Валерий Дунай Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Aхмед Реймовга “Полесск давлат университети фахрий профессори” унвони тақдим этилганлиги ҳақидаги ҳужжатни тантанали равишда топширди.

Ўз навбатида, A.Реймов бундай юксак ишонч учун университет ректорига ўз миннатдорлигини билдириб, келажакда иккита таълим муассасаси ўртасида тажриба алмашуви ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА