Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги профессионал бокс кечасида ўзбекистонлик 6 нафар чарм қўлқоп устаси жанг ўтказади.

«FW1 Promotion» ҳамда «Фавзул Мунаввар» промоутерлик компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу бокс оқшомининг марказий жангида ҳамюртимиз Эгамберди Нуриддинов хитойлик Ма Хоа Жиэга қарши рингга кўтарилади.

Мазкур баҳс олти раунд этиб белгиланган. Нуриддинов ҳисобида битта ғалаба ва битта дуранг бўлса, рақиби Ма Хоа фаолияти мобайнида 20 та ғалаба ва 1 та мағлубиятни қайд этган.

Сеулда кечадиган бокс жангларида ҳамюртларимиздан Сирожбек Исмоилов, Дониёрбек Ҳайиталиев, Ҳусниддин Мараимов, Довруғбек Ибрагимов ва Шаҳзодбек Толибжонов рейтинг жангларида қатаншади.

Уларнинг барчаси кореялик боксчилар билан куч синашади. Учрашувлар тўрт раунд этиб белгиланган.

 

Т. Рўзиев. ЎзА