Самарқанд шаҳрида 7-8 сентябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО техник кўмагида Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди.

Кун сайин кўҳна кентнинг ташриф қоғозига айланиб бораётган Буюк Ипак йўли халқаро туризм марказида ўтказилган мазкур нуфузли тадбирнинг иккинчи куни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги инвестиция форуми билан бошланди. 26 давлатдан 100 га яқин компания вакиллари қатнашган тадбирда мамлакатимиз аграр соҳасида кейинги йилларда олиб борилаётган самарали ислоҳотлар, айни пайт ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар, келгуси режалар ҳақида меҳмонларга батафсил маълумот берилди. Айниқса, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги салоҳияти намойиш этилган тақдимот йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов барчани анжуманнинг биринчи куни дастуридан ўрин олган сессиялар давомида муҳокама қилинган масалалар – соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан илғор мамлакатлар тажрибасини ўзлаштириш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни кенгроқ жорий этиш орқали бугунги кунда глобал тус олаётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшишга чақирди. Бу жараёнда соҳага инвестиция киритиш энг долзарб масала эканини таъкидлади.

ФАО Бош директори Цюй Дунъюй анжуман юксак савияда ўтгани, соҳа ривожи учун жуда муҳим бўлган кўплаб фойдали таклиф, ташаббуслар билдирилганини яна бир бор эътироф этди. Энг муҳими, Самарқанд декларацияси ФАО фаолиятида ўта муҳим воқеликка айланганига урғу берди.

Инвестиция форумининг ялпи йиғилишидан сўнг В2В ва G2B учрашувларига навбат берилди. Дунёнинг турли қитъаларидан, 30 га яқин давлатдан юртимизга келган ишбилармон доиралар вакиллари, етакчи компаниялар масъул ходимларига бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган ҳамкасблари билан мулоқот қилиш, ўзаро манфаатли келишувларга эришиш имкони тақдим қилинди. Анжуман якунида тўғридан-тўғри инвестиция, грант ва халқаро молия институтлари маблағини жалб қилиш, савдо шартномалари кўринишида кўплаб келишувларга эришилди, ҳужжатлар имзоланди.

Анжуман дастуридан ўрин олган «Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича тадқиқотлар ва инновациялар мавзусидаги илмий форум ҳам иштирокчилар, экспертларда жиддий қизиқиш уйғотди.

Куннинг иккинчи ярмида ҳам бир қатор тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, Конференция қатнашчилари Самарқанд вилоятидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан танишди. Шунингдек, меҳмонлар анъанавий ўзбекона меҳмондўстлик рамзи сифатида кўҳна ва ҳамиша навқирон Мароқанднинг асрлар давомида дунёни лол қилиб келаётгани осори-атиқаларидан завқ олдилар.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА мухбири