Осиё ўйинлари бошланишига 15 кун қолди. Тўрт йилликнинг “кичик олимпиадаси” ҳисобланган мазкур комплекс мусобақаларда муносиб натижаларга эришиш мамлакатимиз спорт жамоаларининг энг асосий вазифаси ҳисобланади.
Президентимиз 2022 йил 5 майда имзолаган “2023 йилда Ханчжоу шаҳри (Хитой)да бўлиб ўтадиган XIX Осиё ўйинлари ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори асосида терма жамоаларнинг қитъа ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриши борасида зарур шарт-шароитлар яратиб берилди.
Маълумки, мазкур қитъа ўйинларида 400 нафардан зиёд спортчи 39 спорт тури бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Бугунги кунда терма жамоалар Осиё ўйинларига тайёргарликнинг сўнгги ўқув-машғулотларида иштирок этмоқда.
Куни кеча Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов Тошкент вилоятидаги “Янгиобод” спорт базаси, Чирчиқ шаҳридаги оғир атлетика мажмуасида бўлиб, кураш ва оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари, мураббийлар, уларнинг тиббий ҳолатини назорат этиб бораётган шифокорлар, диетологлар билан учрашув ўтказди. Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёнлари билан танишди.
Оғир атлетика бўйича терма жамоа бош мураббийи Баҳром Мендибоев, кураш бўйича миллий терма жамоа мураббийлари Ризамат Солиев, Дилфуза Раҳматова, Олим Равшанов машғулотларнинг бориши, ҳар бир спортчининг руҳий ва жисмоний ҳолати, бажарилаётган техник-тактик усуллар, рақибларни ўрганиш каби ҳолатлар бўйича ахборот берди.
Шунингдек, терма жамоа шифокор ва диетологлари спортчилар қабул қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назорат қилиб борилаётганини айтиб ўтди.
Ўз навбатида, мутасаддилар қитъа ўйинларининг аҳамияти, ҳар бир баҳс финал даражасида муҳим экани, давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортга, спортчиларга берилаётган эътиборга муносиб бўлиш, халқимиз ишончини оқлаш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, XIX Осиё ўйинлари 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда 45 га яқин давлат спортчилари 40 спорт турининг 61 йўналишида 483 медал жамланмаси учун кечадиган беллашувларда иштирок этади.
Т. Рўзиев. ЎзА