Осиё чемпионлар лигаси “Е” гуруҳи биринчи туридан ўрин олган “Персеполис” (Эрон) ҳамда “Ан – Наср” (Саудия Арабистони) жамоалари ўртасидаги баҳсни Илгиз Танташев бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар жамоаси бошқариб боради.

Бу ҳақда Осиё футбол конфедерацияси хабар тарқатди.

Дунё футболида бир қатор ютуқларга эришган Криштиану Роналду майдонга тушадиган “Персеполис”-“Ан – Наср” учрашувида қанотларда ФИФА таснифига эга ҳакамларимиз Андрей Сапенко ҳамда Тимур Гайнуллин ҳаракатланади.

Шунингдек, захира ҳаками вазифасини яна бир ҳамюртимиз ФИФА ҳаками Аҳрол Рисқуллаев бажаради.

Осиё чемпионлар лигасида мамлакатимиз футбол ҳакамлари фаолиятидаги яна бир эътиборли жиҳат – илк бор ўзбек рефериси VARда ишлайди.

ОФК VAR курсини муваффақиятли якунлаган Фирдавс Норсафаров айнан Роналду майдонга тушадиган баҳсда AVAR сифатида иштирок этади.

Бундан ташқари, VAR курсини муваффақиятли якунлаган яна бир ҳамюртимиз, тажрибали футбол мутахассиси Абдурашид Худойберганов “Лион Сити” (Cингапур) – “Бангкок Юнайтед” (Таиланд) баҳсида AVAR вазифасини бажариши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионлар лигасининг ушбу ўйинлари 19 – 20 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Т. Рўзиев. ЎзА