Пойтахтимиздаги “Humo Arena” мажмуасида ўтказилган матбуот анжуманида “Ҳумо” хоккей клубининг ушбу мавсумдаги ўйинлари ҳақида маълумот берилди.
Унда “Ҳумо” хоккей клуби бош мураббийи Евгений Попихин жамоанинг ўтган мавсумдаги ўйинлари, галдаги ўйинларга тайёргарлик ва мавсумда “Ҳумо” хоккей клуби “Pro Hokei Ligasy” чемпионатида иштирок этиши ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг 9 сентябрь куни “Pro Hokei Ligasy” халқаро чемпионати бошланади ва унда Тошкентнинг “Ҳумо” хоккей клуби ғолиблик учун курашади. Дастлабки ўйин 9-10 сентябрь кунлари Остонада бўлиб ўтади ва унда спортчиларимиз Қозоғистоннинг чемпион жамоаси “Номад” билан беллашади.
Тадбирда ўтган мавсум натижаларига ҳам урғу берилди. Унга кўра, бу икки жамоа финал плей-офф босқичида учрашган бўлиб, биринчи ўйинда “Ҳумо” ғалабани қўлга киритган бўлса-да, лекин қолган тўрт ўйинда рақибларига имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни эгаллаган.
–“Ҳумо” хоккей клуби жамоаси жорий йилнинг 14 августида Беларусь давлатининг Гродно шаҳрида Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистон жамоалари иштирокидаги Евроосиё дўстлик кубоги мусобақаларида фаол қатнашган эди. Учта ўйинда жамоамиз уч очко тўплаб, учинчи ўринни эгаллади. Сўнгра Қозоғистон кубогида “Ҳумо” ХК олтита ўйиннинг барчасида ғолибликни қўлга киритиб, тарихдаги биринчи расмий ютуқга эга бўлди. Жамоамизга фақат фидокор спортчиларни, ўзбек хоккейини ривожлантиришни истаган хоккейчиларни таклиф қиламиз. Агар спортчилар кутилган натижаларни кўрсата олмаса, улар билан хайрлашишга мажбур бўламиз. Таъкидлаш керакки, ўтган йилги “Ҳумо” таркибидан саккиз киши қолди. Жамоага ҳам тажрибали ва маҳоратли спортчилар, ҳам ёшлар келишди. Шу сабабли, клубнинг ҳаракатлари анча фаоллашди, – деди “Ҳумо” хоккей клуби бош мураббийи Евгений Попихин.
Эслатиб ўтамиз, ҳоккей мавсумининг бошланиши 13 ва 14 сентябрь кунлари Тошкентда “Humo Arena” мажмуасида бўлиб ўтади. Унда “Ҳумо” хоккей клуби Қозоғистоннинг аввалги чемпиони қарағандалик “Сарыарка” хоккей клуби билан ўйнайди. Сентябрь ойида “Humo Arena” мажмуасида жами 8 та чемпионат ўйинлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Насиба Зиёдуллаева, Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА