Марказий банк бакалавриат ва магистратура талабалари учун махсус стипендия танловини эълон қилди.

Қайд этилишича, мазкур танловда банк иши, иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби, молия ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича қуйидаги таълим муассасаларида бакалавриат (кундузги ўқиш шакли) сўнгги босқичида ҳамда магистратура йўналишларида таълим олаётган талабалар танлов асосида иштирок этади.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети, Тошкент шаҳридаги Вебстер университети, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент шаҳридаги ИНХА университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалар танлов асосида иштирок этиши мумкин.

Стипендиатларга ўқув жараёнида (сўнгги ўқув йили натижаларига кўра) юқори рейтинг кўрсаткичига эга бўлиши (86% дан юқори), давлат тилини мукаммал билиши, хорижий тилларни (рус ва инглиз) билиши, энг камида В2 даражасида талаблар қўйилган.

Ҳужжатлар жорий йил 13 сентябрга қадар қабул қилинади. Қўшимча маълумотларни ОТМнинг ректорати орқали олиш мумкин.

 

ЎзА