Замонавий, сифатли лаборатория диагностикаси: имкониятлар ва истиқболлар

197

Пойтахтимизда “Замонавий, сифатли лаборатория диагностикаси: имкониятлар ва истиқболлар” мавзусида лаборатор хизмати мутахассисларининг I Республика анжумани ўтказилди.

Ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистонда лаборатория диагностикаси салоҳиятини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Хитойнинг “Snibe Diagnostic” компанияси билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Маълумки, ўтган йили давлатимиз раҳбари Хитойда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Хитой инвестиция форумида иштирок этган эди. Унда мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитой компанияси билан тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий буюмларни модернизация қилиш ва шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштиришга қаратилган меморандум имзолаганди.

ССВ матбуот хизматининг хабар беришича, келишувга мувофиқ, компания томонидан юртимизга грант асосида 125 дона замонавий юқори самарали автоматлаштирилган диагностика ускунаси топширилди. Ушбу жиҳозлар юртимиздаги 87 та тиббиёт муассасасига етказилиб, ишга туширилди.

Ўз навбатида, 200 нафардан ортиқ юқори ва ўрта бўғин лаборатория ходимларининг малакаси оширилди. Яъни профессионал хизмат кўрсатиш жамоаси жойларга чиқиб, лаборатор ускуналар ўрнатилган тиббиёт муассасалари лабораторияларининг ўзларида мутахассисларга улардан фойдаланиш сирларини ўргатди.

Бундан ташқари, қурилмаларнинг тўғри ва бехато ишлашини таъминлаш учун барча муассасалар сувни тозалаш тизимлари ва узлуксиз қувват манбаи билан жиҳозланди.

Лаборатор хизмати мутахассисларининг I Республика анжумани ўзаро билим ва тажриба алмашиш, шифохоналар ҳамда шифокорлар учун яратилаётган янги имкониятлар ва замонавий анализаторларнинг техник хусусиятлари, афзалликларини муҳокама қилиш учун кенг майдон бўлди.

Лаборатория диагностикаси соҳасидаги етакчи мутахассислар сўзга чиқиб, бу йўналишдаги янгиликлар, ушбу хизматнинг ривожланган давлатлардаги ҳолати, ускуналарни самарали қўллаш усуллари, уларнинг муҳим техник жиҳатлари, лаборатория иши сифатини баҳолаш ва назорат қилиш каби масалалар юзасидан фикр билдирди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА