Қатар меҳнат бозори Ўзбекистондан малакали мутахассисларни чорламоқда
23-25 январь кунлари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациянинг Қатарга сафари ташкил этилди.
Ушбу давлатдаги элчихонамиз кўмагида уюштирилган ташриф чоғи меҳнат вазири ўринбосари Шайха Нажва бинт Абдураҳмон Ол Соний, Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик департаменти директори Муҳаммад бин Абдуллоҳ Ас-Субаий, Ички ишлар вазирлиги миграция ва паспорт хизмати раҳбари генерал Муҳаммад бин Аҳмад Ад-Дусарий билан учрашувлар ўтказилди.
Тадбирлар давомида мезбонлар мамлакат меҳнат бозорида Ўзбекистон фуқаролари сони ошиб боришидан манфаатдорлигини таъкидлади.
Мазкур араб диёрига вақтинча ишлаш учун бораётган фуқароларимизга кўмаклашиш, уларга муносиб иш топиш, зарур шароит яратиш, визаларни расмийлаштириш билан боғлиқ тартибни соддалаштириш, ҳамюртларимиз ҳақ-ҳуқуқини қонуний асосда таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Агентлик ва Қатарнинг энг йирик «Жусур» рекрутинг компанияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида бундан буён малакали мутахассисларимиз ушбу мамлакатда соғлиқни сақлаш, нефть ва газ, меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш бўйича иш билан таъминланади. Маҳаллий Ички ишлар вазирлиги эса ўзбекистонликларга ишчи визани қисқа фурсатда расмийлаштириб беришга тайёрлигини билдирди.
Икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари Консуллик департаментлари ҳам мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
ЎзА