Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

215

25 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Ялпи мажлиснинг учинчи иш куни сенаторлар томонидан дастлаб “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Бугун дунёда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, ёшлар орасида турли ёт ғоялар тобора кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бу эса мамлакатимизда бундай ҳолатларни ўз вақтида олдини  олиш ва уларга барҳам  бериш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдига янги вазифаларни  қўймоқда.

2024 йил 5 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари (катта инспектор-психологлари) лавозимлари Миллий гвардия тузилмасига ўтказилганлиги ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг узвий давомидир.

Мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида Болалар билан ишлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди, шунингдек, вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологлар лавозимлари жорий этилди.

Ушбу бўлинмалар томонидан мактабларда (10 134 та) ахлоқий-психологик муҳитни яхшилаш, ўқувчилар ўртасида назоратсизликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, ўқувчиларда ватанпарварлик, Ватанга садоқат ҳиссини шакллантириш, уларда қонунбузилишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.

Шу билан бирга, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш, шунингдек, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш давоматини яхшилаш бўйича энг асосийси “Хавфсиз мактаб” концепцияси мисолида мактабларда хавфсизликни таъминлаш учун муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Янги ташкил этилган лавозимларда хизмат қилувчи шахсларга, шу жумладан, вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологларга ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини бериш зарурати юзага келмоқда.

Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари февраль ойидан ҳозирги кунга қадар 44450 та Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни аниқлаб, ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари орқали маъмурий жазо чоралари қўлланилишини таъминлаган ҳамда ота-оналар томонидан фарзандларини мактабга юбормаслик ҳолатлари бўйича 175 мингга яқин огоҳлантириш хатлари ёзилган.

Бугунги кунда 1 нафар инспектор-психологга мактаблардаги бола сонидан келиб чиқиб 3 тадан 10 тагача мактаб тўғри келмоқда.

Бироқ инспектор-психологлар томонидан вояга етмаган ҳуқуқбузарнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш учун таянч пункти профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий жазо чоралари қўлланилиши – инспектор-психологларнинг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфлашига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу боис мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан умумтаълим мактабларида хизмат қилувчи вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, шунингдек, мактабларда психологик муҳитни яхшилаш, вояга етмаганлар орасида қонунбузилишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш вазифаларни самарали амалга оширишга зарур шарт-шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” принципи асосида янги босқичга кўтариш, суд органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ислоҳотлар натижасида суд-тергов амалиётида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилган самарали механизмлар ишлаб чиқилди.

Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган қонун ҳам мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд томонидан ишончли таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида ушбу қонун билан тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ва халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий этиш бўйича тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуида электрон шаклдаги меҳнат шартномасини расмийлаштириш тартибини жорий этишни, иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлигини белгилаш тартибини ва ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартибини ўзгартиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ходимлар кечки ёки сиртқи таълим шаклида ўқиши мумкин бўлган таълим ташкилотларининг турларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Шунингдек, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли ходимни ишдан бўшатишга тақиқ жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, ишга қабул қилиш чоғида шахснинг паспорти ёки ID-картасини, меҳнат дафтарчасига оид маълумотларни талаб қилмасдан, давлат органлари ва ташкилотлари мустақил равишда, шу жумладан, ахборот тизимларидаги идоралараро интеграциялашув платформалари орқали сўраб олиши белгиланмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида мазкур қонун фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари, меҳнат соҳасидаги муносабатларнинг электрон тизимга ўтиши таъминланишига, давлат органлари ва ташкилотларида ходимни ишга қабул қилишда ноқонуний рад этиш ҳолатлари камайишига, шунингдек, ишга кираётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш каби бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига хизмат қилишини таъкидлади.

Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан бирга ялпи мажлисда “Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солишга, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг айланиши соҳасидаги давлат назоратини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг фаолияти такомиллаштирилганлиги муносабати билан унинг ваколатларини қонун ҳужжатларида аниқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шунинг учун мазкур қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунларга ушбу Инспекциянинг ваколатларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзгартиришларга мувофиқ истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси фаолиятига берилган лицензия учун йиллик давлат божини тўлашнинг муддати белгиланмоқда.

Қонун билан юридик шахслар томонидан пиво ва пиво ичимликларининг улгуржи савдосига доир фаолияти ваколатли органга хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, тамаки маҳсулотларининг улгуржи савдосига доир фаолият ваколатли органга, чакана савдосига доир фаолият эса солиқ органига хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этишга қаратилган. Маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилишига, бизнесни юритиш учун соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳамда қонун нормаларини аниқ ва бир хилда қўлланилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда барқарор ривожланишнинг янги талабларидан келиб чиқиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш бўйича янгича ёндашув асосида ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Экологик барқарорликнинг муҳим омили сифатида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахтларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш ва сақлаб қолиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.

Оролнинг қуриган тубини яшил қопламалар билан қоплаш, шунингдек, саноат корхоналари ва транспорт воситалари ташламаларини қисқартириш борасида чоралар кўрилмоқда.

Мазкур тадбирлар нафақат юртимиз, балки минтақада экологик барқарорлик мақсадларига хизмат қилмоқда.

Соҳани ривожлантиришнинг концепцияси ва унинг йўналишлари бўйича стратегиялар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Экологик барқарорликни таъминлашда давлат ва жамоат органлари, кенг жамоатчилик вакиллари биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширишмоқда.

Соҳада бевосита ва билвосита фаолият олиб бораётганларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш назарда тутилмоқда.

Мазкур фахрий унвон мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш, табиатни асраб-авайлаш, биохилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасида салмоқли натижаларга эришган фуқароларга берилади.

Шунингдек, ушбу унвон билан экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлодни табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда тизимда юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида фидокорона меҳнат қилаётган мутахассис-ходимлар ва соҳа вакиллари, экофаоллар ҳам тақдирланади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани (Душанбе, 2024 йил 18 апрель) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолиятида Марказий Осиё давлатлари, яъни қўшни мамлакатлар билан алоқаларни яхшилаш, дўстона муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада юқори даражага олиб чиқиш масалалари алоҳида ўрин тутади.

Мазкур Шартнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18 апрелда Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Душанбе шаҳрида имзоланган. Шартнома икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янги – иттифоқчилик даражасига олиб чиқишга қаратилган.

Ушбу ҳужжат халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилган ҳолда минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, давлат чегараларини демаркация қилиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, парламент дипломатиясини ривожлантириш ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни назарда тутади.

Шунингдек, иқтисодий, инвестициявий, фан-техника, маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, терроризм, экстремизм ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу қонун Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда иқлим ўзгаришининг олдини олиш, унинг салбий таъсирини камайтириш борасида муайян ишлар  амалга оширилмоқда.

Бироқ соҳани тартибга солувчи қонун ва норматив база яратилмаганлиги иссиқхона газларининг чиқарилишини камайтиришда иқтисодий, технологик ва экологик йўналишлар бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини чекламоқда.

Соҳани халқаро ҳужжатлар талаблари даражасига етказиш, унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш тақозо этилмоқда.

Қонунда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш натижасида ҳосил бўладиган углерод бирликлари муомаласини амалга оширишнинг тартибини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилишининг тизимли назоратини таъминлашга эътибор қаратилган.

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари, мониторинги, ҳисоботи ва верификация тизими асослари, тартиби, қисқартирилган иссиқхона газларига эгалик қилиш ҳуқуқлари белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан таклиф этилаётган қонун бугунги кун учун жуда ҳам муҳимлиги, лекин унда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжудлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Жумладан, “иссиқхона газлари” тушунчасини қайта кўриб чиқиш, маҳаллий Кенгашлар ёки ижро ҳокимиятининг иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги ваколатларини аниқ тақсимлаш, қонуннинг айрим моддаларини чиқариб ташлаш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, қонунда ваколатли давлат органларини аниқ очиб бериш, иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги давлат органларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Сенаторлар қонун келгусида ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим номувофиқликларни ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармаслиги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун талабларига мос келиши лозим, деган хулосага келди.

Муҳокама якунида ушбу қонун сенаторлар томонидан рад этилди.

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маҳалла институтининг мақомининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси даражасида мустаҳкамланишининг асосий мазмун ва моҳияти шундан иборатки, эндиликда давлатнинг ижтимоий сиёсати туман ёки шаҳардан эмас, балки маҳалладан бошланади.

Сўнгги етти йилда маҳалла институтини такомиллаштириш давлатнинг диққат эътиборида бўлиб, бу борада ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айнан маҳалла тизимини такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўз навбатида, сенаторлар фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, шунингдек бўшаб қолган ўринларга сайланган фуқаролар йиғинлари раислари фаолияти кафолатларини мустаҳкамлаш зарурати юзага келганлигини ҳам қайд этиб ўтди.

Қонун билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ушбу масалаларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонунда фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддати 3 йилдан 5 йилга узайтириш, бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғинлари раисларини 5 йил муддатга сайлаш, шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатларига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ишини самарали ташкил этишга хизмат қилиши алоҳида айтиб ўтилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Сенатининг ушбу масала юзасидан қабул қилинган қарорига асосан Новруз Бабакулович Рахманов, Абдуносир Абдухамитович Игамбердиев, Зоир Аманович Рустамов, Абдувохид Абдукадирович Касимов ва Хасан Сунатиллаевич Эгамбердиев Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 20 та масала, шу жумладан, 18 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати