Иш куни давомида ходимга дам олиши учун қанча вақт ажратилиши керак?

Ҳуқуқий муносабат
Қонунчиликка кўра, ходимга дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш вақти ва унинг аниқ давомийлиги ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Хўш, ходимлар дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ўз ихтиёрига кўра, фойдаланиши мумкинми? Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева бу борада қуйидаги ҳуқуқий тушунчаларни берди:
–Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 45-моддасига кўра, ҳар ким дам олиш ҳуқуқига эга. Дам олиш кунининг турлари ва давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси билан белгиланган бўлиб, ушбу кодекснинг 204-моддасига биноан, ходимга иш куни (смена) давомида дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги кўпи билан икки соат ва камида ўттиз дақиқа бўлган, иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак.
Шунингдек, агарда ички меҳнат тартиб-қоидаларида ёки меҳнат шартномасида ходим билан иш куни давомийлиги тўрт соатдан ошмаса, унга мазкур танаффус берилмаслиги назарда тутилиши мумкин.
Демак, ходимга иш кунида кўпи билан 2 соат ва камида 30 дақиқа дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар берилиши керак ва бу танаффуслар иш вақтига киритилмайди. Лекин агар ходим кунлик ишининг давомийлиги 4 соатдан ошмаса, танаффуслар берилмаслиги назарда тутилиши мумкин.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 205-моддасига биноан ходимга дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ташқари қуйидаги қўшимча таътиллар берилади:
Жумладан, қонунчиликда, санитария нормалари ва қоидаларида ёки меҳнатни ташкил этиш ёхуд меҳнат фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ, йилнинг иссиқ ёки совуқ мавсумида очиқ ҳавода ёхуд совитилмайдиган ёки ёпиқ хоналарда ишлайдиган, юк ортиш-тушуриш ишларида банд бўлганлар учун махсус танаффуслар, болани овқатлантириш учун танаффуслар.
Хулоса қилиб айтганда ходимга иш куни давомида икки турдаги танаффуслар (дам олиш ва овқатланиш, қўшимча танаффуслар) берилади. Дам олиш ва овқатланиш танаффуслари учун кўпи 2 соат, ками билан ярим соат давомийлигида иш куни давомида берилади ва бу танаффуслар иш вақтига киритилмайди.
Шунингдек, қўшимча танаффуслар мавжуд ва бу танаффуслар иш вақтига киритилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА