Божхона хизмати органлари ходимлари куни тантанали нишонланди

246

Божхона қўмитасида 26 январь – Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Божхона қўмитаси раҳбарияти ва шахсий таркиби, божхона фахрийлари, турли вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Мадҳиямиз садолари остида бошланган тадбирда Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов соҳа ходимларига байрам табригини йўллади.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган жадал ислоҳотлар самараси ўлароқ, сўнгги йилларда божхона органлари давлатимизнинг мустаҳкам таянчи, миллий манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминловчи кучли идора сифатида тобора такомиллашиб бормоқда.

Натижада божхона органларининг мамлакат иқтисодий-ижтимоий  хавфсизлигини таъминлаш, халқимизга беминнат кўмакчи бўлишдек шарафли ва машаққатли хизмати қадрлана бошланиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг ушбу соҳага нисбатан ишончи янада ортди.

Ўтган бир йилда товарлар ташқи савдоси 47 миллиард долларни, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган юкли автотранспортлар 1,4 миллионтани, юкли вагонлар 734 мингтани, йўловчилр 41 миллион нафарни ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан тақдим этилган юк декларациялари 1 миллиондан ортиқни ташкил этди.

Юртбошимизнинг халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида берган топшириқлари асосида хорижий давлатларнинг божхона хизматлари ҳамда Жаҳон божхона ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Масалан, ўтган уч йилнинг ўзида 15 та давлат божхона хизматлари билан икки ва кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Президентимизнинг ташрифлари билан очилган “Божхона расмийлаштируви маркази”га 22 та давлатдан 210 га яқин божхона ва турли соҳа раҳбарлари ва ходимларининг ташрифи амалга оширилди.

Ушбу давлатлар орасида рақамлаштириш соҳасида олдинги ўринларда турадиган Озарбайжон, Россия, Грузия, Беларусь ва Арманистон каби мамлакатлар ҳам борлиги диққатга сазовордир.

Ўтган бир йилда экспорт декларацияларининг 91 фоизи ёки 265 мингтаси, импорт декларацияларининг 75 фоизи ёки 560 мингтаси соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.

Бунда, экспортда 54 фоиз, импортда 14 фоиз декларациялар расмийлаштируви инсон омилисиз амалга оширилди.

Энг асосийси, 6 мингга яқин экспортёр ва 20 мингга яқин импортёрнинг ортиқча сарф-харажати ҳамда вақти тежалишига эришилди.

Божхона ходимлари озиқ-овқат маҳсулотлари ва қадоқлаш буюмлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўналишида 5 триллион 569 миллиард сўмлик 402 та янги лойиҳалар ишга туширилиб, 7 720 та иш ўрни яратилишида муносиб иштирок этишди.

Республиканинг экспорт ҳажмини оширишга кўмаклашиш борасида тадбиркорларимизга “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимини тарғиб қилиш ишлари кучайтирилди. Натижада ўтган бир йилнинг ўзида ушбу режимдан фойдаланган тадбиркорлар 355 тани ташкил этиб, 40 фоизга ёки 101 тага ошди.

Президентимизнинг энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича топшириқлари асосида давлат идоралари, ижтимоий соҳалар, тадбиркорларнинг объектлари, аҳоли хонадонлари ва кўп қаватли уйлар бўйича жами 98 минг 246 та объектга 970  мегаватт қуёш панелларини ўрнатиш ишлари назорат қилиниб, белгиланган режа 128 фоизга бажарилиши таъминланди.

Божхона органларининг ҳиссаси билан ўтган уч йилнинг ўзида республикамизнинг 10 та ҳудудида амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш ишларининг якуни бўйича 23 та объект, яъни мактаб, боғча, спорт комплекслари, интернат уйлари ва маҳалла бинолари фойдаланишга топширилди. Ҳозирда ушбу объектлар 5 мингдан ортиқ фуқароларимизга хизмат қилмоқда.

Тадбир якунида соҳада ўрнак ва намуна кўрсатиб хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ божхона ходимлари Божхона қўмитаси раиси томонидан тақдирланди.

Ш.Маматуропова, ЎзА