Ижтимоий тармоқларда тарқалган Элликқалъа туманида 13 яшар қизнинг номусига тегилганлиги ҳақидаги видеомурожаат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, Элликқалъа тумани “Амиробод” овул фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.З. 2023 йил 30 августда туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, 2010 йилда туғилган, вояга етмаган невараси Т.С.ни ушбу овул фуқаролар йиғинида яшовчи қўшниси З.Ш. қўрқитгани ва зўрлик ишлатгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан жойида ўрганилиб, суд-тиббиёт экспертизасининг 2023 йил 5 сентябрдаги хулосаси, терговга қадар текширувда тўпланган иш ҳужжатлари инобатга олиниб, гумон қилинувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.
Терговнинг ҳар томонлама тўла ва холисона ўтказилиши Қорақалпоғистон Республикаси прокурори томонидан назоратга олинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири