Спорт курашлари бўйича «Париж – 2024» йўлланмалари учун беллашувлар бошланиш арафасида. “Олимпия чиптаси” учун кечадиган шиддатли курашларда ҳамюртларимиз ҳам иштирок этишга ҳозирлик кўрмоқда. Тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида қатнашишга даъвогарлик қиладиганлар орасида 18 нафар эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича терма жамоамиз аъзолари ҳам бор.
Шу кунларда бир қатор спорт турларида «Париж – 2024» Олимпия ўйинларининг йўлланмалари ҳамда рейтинг очколари учун чемпионатлар, турнирлар, саралаш мусобақалари ўтказилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 16-24 сентябрь кунлари Сербия пойтахти Белградда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўтказиладиган жаҳон чемпионати спорт курашлари вакиллари учун «Париж – 2024» йўлидаги учта ўтиш мусобақасининг дастлабки довони ҳисобланиши билан аҳамиятли бўлади.
Халқаро спорт курашлари федерацияси хабарига кўра, Белградда спорт курашларининг 3 та йўналишидаги 90 та Олимпия йўлланмаси ўз эгаларини топади.
Мазкур жаҳон чемпионатида олтин, кумуш ёки бронза медалларини қўлга киритган курашчилар «Париж – 2024» йўлланмасини нақд қилишса, бронза медали учун баҳсда мағлуб бўлганлар орасида ҳам “Олимпия чиптаси”ни қўлга киритиш имкони сақлаб қолинади.
Дунё спорт кураши вакиллари учун Олимпия йўлланмасига эга чиқишнинг иккинчи босқичи қитъа саралаш мусобақалари ҳисобланиб, Ўзбекистон спортчилари учун ушбу имконият келгуси йилнинг 19-21 апрель кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтадиган Осиё чемпионатида тақдим этилади. Қитъа Олимпия саралаш босқичида биринчи ва иккинчи ўриндан жой олганлар Париж Олимпиадасида Ватани шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга чиқади.
Олимпия ўйинлари саралаш жараёнининг охирги босқичи Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада курашчилар Олимпиаданинг охирги 54 та йўлланмаси соҳиби бўлиш учун майдонга чиқади. Унда олтин, кумуш ва бронза медали учун кечган баҳсда ғолиб чиққанлар учун «Париж – 2024» эшиклари очилади.
Хўш, ушбу саралаш баҳсларида, жумладан, яна ўн кундан кейин Сербияда старт оладиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон спортчилари қандай таркибда иштирок этади?
Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси хабарига кўра, учта йўналишдаги терма жамоаларимиз айни кунларда Белград баҳсларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Терма жамоаларимиз мураббийлар кенгаши жаҳон чемпионатида иштирок этадиган таркибларни мусобақа ташкилий қўмитасига тақдим этиб бўлишди.
Жаҳон чемпионатида эркин курашчилар 57, 65, 74, 86, 97 ва 125 килограммда Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун курашса, 61, 70, 79 ва 92 килограммда жаҳон чемпионлиги беллашувларида қатнашади. Йўлланган талабномаларга мувофиқ, эркин курашчиларимиз 6 та олимпия ва 3 та ноолимпия вазн тоифаларида иштирок этади.
Аёллар кураши вакиллари 50, 53, 57, 62, 68 ва 76 килограммда Олимпия йўлланмалари учун курашса, 55, 59, 65 ҳамда 72 килограммда фақат жаҳон чемпионлиги учун майдонга чиқади.Терма жамоамиз аъзолари 6 та олимпия ва 1 та ноолимпия йўналишида иштирок этиши белгиланган.
Юнон-рум курашида 60, 67, 77, 87, 97 ва 130 килограмм вазн тоифасида «Париж – 2024» йўлланмалари учун баҳслар ўтказилса, 55, 63, 72 ва 82 килограммда 2023 йилнинг энг кучли спортчилари сараланади. Ушбу йўналишда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 6 та Олимпия, 4 та ноолимпия вазнларида ўз омадларини синаб кўради.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА