Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов Жанубий Корея марказлаштирилган иссиқлик таъминоти корпорацияси (КДҲC) вакилларини қабул қилди. Учрашувда иссиқлик таъминоти соҳасида икки томонлама ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида 2022 йил 6 июнда КДҲC корпорацияси билан ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми имзоланган эди.
Учрашувда ютимиздаги 4 та иссиқлик таъминоти объектларини модернизация қилиш лойиҳаси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг ишлаб чиқилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, жойларга чиққан ҳолда техник-иқтисодий асослаш ҳужжатлари учун дастлабки ўрганишлар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, лойиҳанинг иқтисодий томонлари, хусусан, Ўзбекистонда Кореянинг халқаро ҳамкорлик (КОИCА) ва Корея савдо ва инвестицияларга кўмаклашиш (КОТРА) агентликлари томонидан ажратилиши кутилаётган грантлар масаласи ҳақида сўз борди.
Тадбирда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов лойиҳани амалга ошириш муддатига тўхталар экан, белгиланган иссиқлик корхоналарида модернизация жараёнлари 2024-2027-йилларга мўлжалланиши лозимлигини таъкидлади.
Ўзаро конструктив руҳда ўтган учрашув якунида КДҲC вакиллари Бухоро ва Тошкент вилоятлари иссиқлик корхоналарида техник-иқтисодий асослаш ҳужжатлари учун зарур бўлган дастлабки сўровномаларни ўтказиши, шунингдек, мазкур жараёнга вазирлик мутахассислари жалб этилишига келишиб олинди.
Ҳамкорликдан кутилаётган натижаларга тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда жойлашган 4 та иссиқлик таъминоти корхоналари ва иссиқлик таъминоти тизими Корея тажрибаси асосида модернизация қилинади. Қолаверса, мамлакатимиз иссиқлик таъминоти корхоналари мутахассисларининг Кореяда марказлашган иссиқлик таъминоти ва марказлашган совитиш тизимлари фаолияти билан танишиш орқали малакасини ошириши белгиланган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА