Дунёда шарқ яккакураши афсонаси даражасига кўтарилганлар кўп эмас. Брюс Ли, Чак Норрис, Жан-Клод Ван Дам ва яна бошқа ўнлаб якка кураш усталари ўз даврининг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлган.

Тўғри, уларнинг кўпчилигини биз кинофильмлар орқали таниганмиз. Бугун ҳам орамизда ана шундай ҳақиқий жанг санъати усталари бор.

Шарқ яккакурашига қизиқадиган одамлар орасида Эдуард Ли номи маълум ва машҳур.

Ҳамюртимиз, замондошимиз Ўзбекистон яккакураш ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази бош котиби Эдуард Ли – каратэ бўйича халқаро тоифадаги спортчи, хапкидо спорт тури бўйича 8 ДАН гранд – мастер, таэквондо бўйича 9 ДАН соҳиби даражасига эришган.

Эдуард Ли – Корея хапкидо федерацияси вице-президенти саналади. Эътиборли жиҳати, бугунгача биронта чет эллик ушбу ташкилот бошқарув органи раҳбарларидан бири бўлмагани, ҳамюртимиз эса мазкур вазифага сайланган ягона хорижлик мутахассис эканини назарда тутсак, унинг якка курашлар оламидаги нуфузи не чоғли баланд эканлиги англашилади.

Корея хапкидо федерациясининг МДҲ мамлакатларидаги расмий вакили саналган Э.Ли бугунги кунда дунё бўйлаб ташкил этилаётган хапкидо бўйича тадбирларни ўтказишга бош – қош бўлиб келмоқда.

Тиббиёт фанлари номзоди Эдуард Ли жаҳон яккакурашлари оламида  энг яхши хапкидо ва таэквондо ИТФ усталаридан бири ҳисобланади.

Ютуқлар, ғалабалар ўз – ўзидан қўлга киритилмайди. Муваффақиятлар ортида тинимсиз изланиш, машаққатли меҳнат мужассам.

Замондошларимиз орасида Эдуард Ли сингари ташаббускор, ўз соҳасини чуқур тушунадиган, ёшларни спорт машғулотларига кенг жалб этишда жонбозлик кўрсатаётган шундай фидойи инсонлар туфайли Ўзбекистон спортчилари янги марраларни забт этмоқда.

Т. Рўзиев, ЎзА