Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида армрестлинг бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида дунё биринчилиги ўтказилди. Унда сайёрамизнинг 51 та давлат вакиллари медаллар йўлида баҳс олиб борди.

Мазкур жаҳон чемпионатида Қурбон Конишев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 12 та олтин, 4 та кумуш, 9 та бронза медалига мушарраф бўлди.

Муросасиз беллашувлар сарҳисобига кўра, кичик ўсмирлар ўртасида  ҳамюртларимиздан Шаҳзода Бегимова (70 кг) ўнг қўл машқида олтин, чап қўлда эса кумуш медални қўлга киритди. 18 ёшгача бўлган ўсмирлар баҳсида қатнашган Одамбой Шавкатов (+90 кг) чап қўлда олтин медалга эга чиқди.

Катталар ўртасидаги баҳсларда Зоҳир Файзуллаев (55 кг) ўнг қўлда бронза, Назокат Солиева (70 кг) чап ва ўнг қўлларда 2 та олтин медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди.

Ёшлар ўртасидаги мусобақада Ярашбой Йўлдошев (60 кг) чап қўлда бронза, Назокат Солиева (70 кг) чап ва ўнг қўлларда 2 та олтин, Шоҳрух Ўктамов (75 кг) ўнг қўлда кумуш, чап қўлда эса бронза, Сирож Турсунов (85 кг) ўнг қўлда бронза, Ойдинхон Султонова (60 кг) чап ва ўнг қўлларда 2 та бронза, Дилшод Мардонов (70 кг) чап қўлда бронза, Умиджон Эрматов (55 кг) эса чап қўлда бронза медалига сазовор бўлди.

Жисмоний имконияти чекланган спортчилар баҳсида Умиджон Аҳмедов (90 кг) ўнг қўлда бронза, Қудрат Тошбоев (100 кг) чап ва ўнг қўлда 2 та кумуш, Шерзод Саидов (65 кг) чап ва ўнг қўлда 2 та олтин медални қўлга киритди.

Шу тариқа Ўзбекистон армрестлинг терма жамоаси 12 та олтин, 4 та кумуш, 9 та бронза, жами 25 та медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.

Т.Рўзиев, ЎзА