Жорий йилнинг 1-3 сентябрь кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида таэквондо WT бўйича Гран-при мусобақаси бўлиб ўтди. Унда спортчиларимиз муваффақиятли иштирок этди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида таэквондо бўйича терма жамоамиз аъзоларини давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, журналистлар тантанали кутиб олди.
Париж Гран-присида Улуғбек Рашитов 68 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. У Гран-прининг 1/16 финал босқичида габонлик Амир Сиссе Муссани, нимчорак финалда чилилик Игнасио Моралесни, чорак финалда хитойлик Юшуаи Лиангни, ярим финалда эса хорватиялик Марко Голубични катта устунлик билан мағлубиятга учратиб, финал босқичига йўл олди.
Турнирнинг ҳал қилувчи финал босқичида У.Рашитов бразилиялик Эдивал Понтесга қарши даянга чиқиб, рақиби устидан ҳеч қандай қийинчиликсиз ғалаба қозонди. Ушбу ғалаба таэквондочимиз учун олтин медаль билан бирга «Париж – 2024» Олимпиадаси 60 рейтинг очкосини ҳам тақдим қилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Улуғбек Рашитов ушбу натижаси орқали кетма-кет икки Гран – при турнирида ғалаба қозонган илк ўзбек таэквондочисига айланди.
Дарҳақиқат кескин ва муросасиз беллашувларда зафар қучган спортчимизнинг мардлиги, жасорати, шижоату матонати дунё аҳлини лол қолдирди. Зеро, Улуғбекнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.
– Гран-при мусобақасида олтин медални қўлга киритиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келганимдан бахтиёрман, – дейди Улуғбек Рашитов. – Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимизга етарлича эътибор қаратилмоқда. Халқаро майдонларда юксак ғалабаларга эришишимиз шундай эътибор самарасидир.
Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси бош котиби Муроджон Мамадалиев спортчимизни эришган натижаси билан қутлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА мухбири