Маълумки, жорий йилнинг 10 ноябрь-2 декабрь кунлари дунё футбол ишқибозларининг эътибори Индонезияда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига қаратилади.

Дунёнинг 24 та мамлакат терма жамоаси қатори ушбу нуфузли чемпионатда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам айни кунларда мусобақага қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Ўзбекистон У-17 терма жамоаси 4-14 сентябрь кунлари Туркияда йиғин ўтказган ҳолда Марокаш терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.

Куни кеча Туркияда ўтадиган ўқув-машғулот йиғинига жўнаб кетиш олдидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти Ўзбекистон У-17 терма жамоаси аъзолари билан учрашди.

Мулоқот давомида Жаҳон чемпионатининг масъулияти ҳақида фикр юритилди. Ҳар бир футболчи профессионаллик, ватанпарварлик, интилиш ва меҳнатсеварликни ўзида мужассам қилган ҳолда майдонга тушиши кераклиги таъкидланди.

ЎФА раҳбарияти мураббийлар штаби билан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва тайёргарлик жараёни ҳақида суҳбатлашди. Тиббий штабга футболчиларнинг соғлиғи, тикланиши жараёнига жиддий эътибор қаратиш, юқори даражада тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётини давом эттириш борасида таклифлар билдирилди.

Айтиш лозим, Жамолиддин Раҳматуллаев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Туркияда ўтадиган навбатдаги ўқув-машғулот йиғини давомида 8 ва 11 сентябрь кунлари Марокаш У-17 термаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими жорий йилнинг 15 сентябрь куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ташкил этилади. Жамоалар 4  та саватчага бўлинган ҳолда ўз гуруҳларига тақсимланади. Ўзбекистон терма жамоаси Янги Зеландия, Эрон, Сенегал, АҚШ, Марокаш терма жамоалари билан бирга 3-саватчадан жой олган.

Шунингдек, 1-саватчадан Иордания, Бразилия, Мексика, Франция, Испания, Япония , 2-саватчадан Германия, Мали, Англия, Жанубий Корея, Аргентина, Эквадор, 4-саватчадан Канада, Янги Каледония, Буркина-Фасо, Панама, Польша, Венесуэла терма жамоалари ўрин эгаллашган.

 

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА