Президентимиз раислигида мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда таълим-тарбия, илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кутилаётган ўзгаришлар танқидий руҳда муҳокама этилди.

Мажлисда ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан боғлангани, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим иши экани тилга олинди. Сўнгги йилларда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида бу соҳада катта ишлар амалга оширилмоқда. Юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди. Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар ошди. Мактаблар юкламасини камайтириш мақсадида 700 минг ўқувчи ўрни яратилди. Бу аввалги йилларга нисбатан 15 баравар кўп. Олий таълимда ҳам қамров 4 баробар оширилиб, ёшлар учун имкониятлар кенгайтирилди. Албатта, соҳада катта ижобий ислоҳотлар ва ўзгаришлар амалга оширилди, лекин, шу билан бирга, ҳали ҳал қилинмаган масалалар ва ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор.

Жумладан, ўтган йили 220 минг муаллимдан 86 минг нафари ёки 37 фоизининг билим ва кўникмаси “қониқарсиз” баҳоланган. Бу ҳол, айниқса, ҳозир талаб юқори бўлган информатика, инглиз тили, физика, математика ва кимё фани ўқитувчиларида бўлгани ташвишлидир. Охирги олти ярим йилда юртимизда 320 минг хонадонли янги уй-жойлар барпо этилган. Лекин уларга мос қувватда мактаблар қурилмаган. Янги массив ва маҳаллаларда ҳозирнинг ўзида 350 минг ўринли мактабларга талаб бор. Мавжуд мактаблар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар кўплиги ва бошқа қатор масалалар танқидий таҳлил қилинди.

Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳа ривожи йўлида келгусида амалга ошириладиган ишларга ҳам тўхталиб, таълим сифатини ошириш мақсадида республика бўйича 500 та мактабда Президент мактаби ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури ҳамда баҳолаш тизими жорий этилиши, бир йилда уларнинг иши баҳоланиб, янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама берилишини ҳамда келгуси беш йилда ушбу тизим барча мактабларда жорий қилинишини алоҳида таъкидлади.

Шарқда илм-маърифат азалдан ардоқлаб келинган, мураббийлар ва устозлар табаррук зотлар саналган. Қадимий китобларимиздан бири “Қутадғу билиг”да илм-маърифат саодат калити, деб таърифланади. Шундай экан, саодат калитини инсонга тутқазган устозлар, ўқитувчилар чексиз эҳтиромга лойиқ. Бу борада ҳам Президентимиз барча ўқитувчилар, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилиб: “Азиз устозлар, мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларимизни амалга оширишда мен сизларни ўзимнинг энг яқин ёрдамчим, деб биламан. Мактаб таълимини янада яхшилаш бўйича қабул қилаётган чора-тадбирларимизнинг пировард натижаси, аввало, сизларга, сизларнинг фидокорона меҳнатингизга боғлиқ. Ўқитувчилик касбини эъзозлаш, унинг меҳнатини қадрлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Янгиланган Конституциямизда ўқитувчи мақомини мустаҳкамлаб қўйдик. Келгусида шу асосда, албатта, кўп ишларни амалга оширамиз”, – дея алоҳида қайд этди.

Дарҳақиқат, таълим ва тарбия масаласига катта эътибор бераётган давлатлар бугун илм-фан соҳасида етакчиликни қўлга киритаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу маънода, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, инсонларнинг онгу тафаккурини ўзгартиришга қаратилаётган Президент фармон ва қарорларининг ижросини таъминлаш, соҳада юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, энг асосийси, ўқитувчи ва педагогларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш давлатимиз сиёсатининг узвий бўғини сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Партиямиз сайловолди дастурида мамлакатимизда тарбия ва таълим тизимини ислоҳ қилиш, унинг сифатини ошириш бўйича фаол иш олиб бориш лозимлиги таъкидланган. Партиямиз бунинг учун тизимни изчил такомиллаштириб боришни зарур деб ҳисоблайди. Демакки, партиямиздан сайланган барча даражадаги депутатлар, албатта, таълим-тарбия соҳасини ўзлари учун устувор билиб, бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этиши керак.

Унутмаслигимиз керак, фарзандларимиз таълим-тарбияси барчамиз учун энг зарур, долзарб масала, чунки улар келажагимиз ворисларидир.

 

Тажибай Романов,  

ЎзМТДП Қорақалпоғистон  

Республикаси Кенгаши раиси  

ЎзА