ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳридаги марказий майдонда 4сентябрь – Бутунжаҳон таэквондо куни муносабати билан таэквондо фестивали ташкил этилди. Унда Хўжайли, Тахиатош ва Нукус туманларидан ташриф буюрган 500 га яқин ёш ва иқтидорли спортчилар ҳамда мураббийлар иштирок этди.

Фестивалнинг очилиш маросимида сўнгги йилларда мамлакатимизда спортни ривожлантиришга, шу ўринда таэквондо (WT) спортининг ёшлар орасида кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 29 июлдаги “Таэквондо (WT) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ушбу спорт турини  аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган таэквондо (WT) спорт тўгаракларида 50 яқин малакали мураббий қўл остида бугун жами  1500 нафарга яқин ўғил-қиз маҳорат оширмоқда. Ўтган 2022/2023 ўқув йилида ёш таэквондочилар Қорақалпоғистон Республикаси биринчилиги, Ўзбекистон чемпионати ва халқаро мусобақаларда жами 120 дан ортиқ олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.

Фестиваль тажрибали мураббий ва спортчилар иштирокидаги машғулотлар ва таэквандо жанг санъатига боғлиқ кўргазмали чиқишлар билан давом этди.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА