Бундан 29 йил муқаддам, яъни 1994 йил 4 сентябрь куни Халқаро Олимпия қўмитаси Париж шаҳрида ўтган сессиясида таэквондо WТ спорт турининг расман Олимпиадага қабул қилинганини эълон қилган.

2000 йил Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтган Олимпия ўйинларида илк бор таэквондо баҳслари ўтказилди.

2006 йил Вьетнам пойтахти Хошимин шаҳрида Бош Ассамблея томонидан 4 сентябрь санаси «Бутунжаҳон таэквондо куни», деб эълон қилинди.

Шундан бери дунё бўйлаб бу сана байрам сифатида нишонлаб келинади. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Унверсал” спорт мажмуасида фестивал ўтказиш режалаштирилган.

Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган мазкур спорт тури ёшларимиз орасида жадал оммалашмоқда. Муҳими, ёшлар орасида бу соҳада юксак марраларни забт этаётган спортчилар камол топмоқда.

Ҳозирги кунда Жасур Бойқўзиев, ака-ука Максим ва Никита Рафаэлович, Димитрий Шокин, Шуҳрат Салаев,  Жасурбек Жайсунов, Улуғбек Рашитов, Светлана Осипова ҳамда Феруза Содиқова, Нигора Турсунқулова каби Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ҳамда қитъа чемпионлари бор. Уларга ҳавас қилган ҳолда мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланаётганлар сони 20 мингга яқинлашди.

Кейинги йилларда таэквондо WT спорт тури бўйича эришилаётган ютуқлар сони ортиб, янгидан – янги марралар забт этилмоқда. Бунга мисол қилиб  2021 йили Токиода ўтган Олимпия ўйинларида Улуғбек Рашитовнинг олтин медални қўлга киритгани ва мамлакатимиз таэквондо тарихида янги саҳифа очгани келтириш мумкин.

Шунингдек, У.Рашитов куни кеча Париж шаҳрида ўтказилган Гран-при мусобақасида ғалаба қозониб, кетма-кет икки бор турнир чемпионига айланган илк ўзбек таэквондочиси бўлди.

Шу билан бирга, юртимиздда хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани натижасида 2022 йил Светлана Осипова Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, илк ўзбекистонлик аёл таэквондочига айланган.

Бундан ташқари, бир неча кун аввал Босния ва Герцеговина пойтахти Сараево шаҳрида кадетлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Исломбек Акчурин (-152 см) ва Аҳаджон Мухторов (-180 см) мусобақа давомида барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Бу ютуқлар замирида юртимизда спортга қаратилаётган эътибор, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси томонидан олиб борилаётган тизимли ва аниқ режа асосида олиб борилаётган самарали ишлар мужассам. Умид қиламизки, ўзбек таэквондочилари ютуқлари бардавом бўлади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА