Франция пойтахти Париж шаҳрида таэквондо WT бўйича гран – при турнирининг илк кунида ҳамюртимиз Улуғбек Рашитов олтин медални қўлга киритди. Бу мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигига муносиб совға бўлди.
Улуғбек мусобақанинг 68 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди. У гран-прининг 1/16 финал босқичида габонлик Амир Сиссе Муссани, нимчорак финалда чилилик Игнасио Моралесни, чорак финалда хитойлик Юшуаи Лиангни, ярим финалда эса хорватиялик Марко Голубични катта устунлик билан мағлубиятга учратиб, финал босқичига йўл олди.
Турнирнинг ҳал қилувчи финал босқичида У.Рашитов бразилиялик Эдивал Понтесга қарши даянга чиқиб, рақиби устидан ҳеч қандай қийинчиликсиз ғалаба қозонди. Ушбу ғалаба таэквондочимиз учун олтин медаль билан бирга Париж – 2024 Олимпиадаси рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Улуғбек Рашитов ушбу натижаси орқали кетма-кет икки гран – при турнирида ғалаба қозонган илк ўзбек таэквондочисига айланди. У Рим шаҳрида ўтган гран – при мусобақасида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА