Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида тезкор шахмат бўйича жамоалар ўртасида ўтказилган биринчи ФИДE жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторовнинг “WR Chess” жамоаси ғолибликни тантана қилди.

Ўтказилган ўйинларда иккита дуранг ва ўнта ғалабага эришган “WR Chess” биринчи ўринни эгаллади. “Team Freedom” жамоаси иккинчи, 18 очко жамғаришга муваффақ бўлган Ҳиндистон шахматчиларидан иборат “MGD1” вакиллари учинчи ўринни эгаллади.

Нодирбек Абдусатторов, Ян Непомняший, Уэсли Со, Ян-Кшиштоф Дуда, аёл шахматчилар Хоу Ифань ва Александра Костенюкдан иборат “WR Chess” жамоасига тақдирлаш маросимида махсус кубок, медаллар ва 100 минг евро мукофот тақдим этилди.

Иккинчи ўринни эгаллаган “Team Freedom” шахматчилари 60 минг евро, “MGD1” жамоаси эса 40 минг евро билан тақдирланди. Мусобақада кейинги ўринлардан жой олган Арманистон жамоаси 25 минг, Германия ва унинг дўстлари жамоаси эса 12 минг 500 еврони қўлга киритди.

Т.Рўзиев, ЎзА