Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Бокуда шахмат бўйича жаҳон кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Ҳал қилувчи финал ва 3-ўрин учун кечган муросасиз баҳсларнинг якуний учрашувлари поёнига етди. Норвегиялик собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсен финалда Рамешбабу Праггнанандҳа билан дастлаб иккита классик партияда дурангга эришди.
Бугун, 24 август куни ўтказилган тай-брекда эса Карлсеннинг қўли баланд келди.
3-ўрин учун америкалик Фабиано Каруана билан озарбайжонлик Нижат Аббасовнининг баҳси ҳам тай-бреккача давом этди. Сўнгги учрашувда Фабиано Каруана ғолибликни тантана қилишга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон кубогида 1-ўринни эгаллаган шахматчи 110 минг, иккинчи ўрин соҳиби 80 минг, 3-ўринни эгаллаган шахматчи 60 минг ҳамда 4-ўрин соҳиби 50 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА