Ўзбекистон миллий терма жамоаси октябрь ойида Хитойнинг Сиань шаҳрида халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади. Унда терма жамоамиз 13 октябрь куни Вьетнам, 16 октябрь куни эса Хитой миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши кутилмоқда.

Бугун “Сўғдиёна” стадионида Ўзбекистон Суперкубоги учун баҳс ўтказилади. Унда “Пахтакор” жамоаси “Насаф” билан тўқнаш келади. Суперкубок учун ўтадиган ўйин Тошкент вақти билан соат 19:30 да бошланади.

Хабарингиз бор, мамлакатимизнинг тўрт жамоаси Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўл олган эди. Бугун ушбу мусобақанинг қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. ОФК бош қароргоҳида ўтадиган маросим соат 13:00да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, қуръада “Пахтакор” 1-саватдан, “Насаф” 2-саватдан, “Навбаҳор” ҳамда “ОКМК” жамоалари 4-саватдан ўрин эгаллайди.

Муҳаммад Салоҳ “Ал-Иттиҳод”га ўтадими? 

Франциялик футболчи Карим Бензема “Ал-Иттиҳод” клубида фаолиятини давом эттираётганидан хабарингиз бор. Бироқ унинг клуб мураббийи Нуну Эшпириту Санту билан муносабатлари яхши эмасга ўхшайди.

Нуну жамоа мутасаддиларига Бензема унинг ўйин услубига тўғри келмаслигини тушунтирган. Шунингдек, франциялик футболчи ўз жамоасида сардорлик боғичини олишни умид қилган эди. Бироқ унинг умиди ҳамон пучга чиқмоқда. Шу каби сабаблар футболчи ва мураббий ўртасида зиддият келтирган.

Бироқ бу вазиятга жамоа мутассадилари изоҳ бермаяпти. Аксинча, улар ақлбовар қилмас трансферларни амалга оширишда давом этмоқда. “Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ трансфери учун жиддаликлар 90 миллион евро сарфлашга тайёр эканини овоза қилмоқда. Агар “Ливерпуль” бу таклифни қабул қиладиган бўлса, бу трансфер Саудия Арабистони чемпионатлари тарихида энг каттаси бўлади. 31 ёшли мисрлик тўпурарнинг нархи 65 миллион евро бўлиб турибди.

Шунингдек, “Ал-Иттиҳод”да яна бир футболчи ўзини ноқулай ҳис қилмоқда. Шотландиянинг “Селтик” жамоасидан Саудияга келган португалиялик ҳужумчи Жота трансфердан бир ой ўтиб, Европага қайтишга қарор қилди.

Саудияликлар Жота учун шотландияликларга 30 миллион евро тўлади. Бироқ, бу трансфер ўзини оқламайдиган кўринади. Клуб раҳбарияти ҳам бу ўйинчининг кетишига қарши эмас. Улар Муҳаммад Салоҳни интиқлик билан кутмоқда.

Европада трансферлар давом этмоқда

“Марсель” вакили Маттео Гендузи фаолиятини Италияда давом эттиришга яқин турибди. Унга “Лацио” қизиқиш билдирмоқда. Италия клуби 15 миллион евролик таклиф билан чиққан, лекин французлар трансфер учун 22 миллион евро талаб қилмоқда.

“ПСЖ” ҳужум чизиғини янада кучайтириш мақсадида Рандаль Коло-Муанини ўз сафига қўшиб олмоқчи. “Айнтрахт” билан футболчи борасида тез орада музокаралар бошланади. Германия клуби ушбу келишувдан 100 миллион евро ишлаб олишни кўзламоқда.

“Аякс” жамоаси аъзоси Муҳаммад Қудус “Вест Хэм”га ўтиш арафасида. Ҳар икки томон футболчи борасида деярли келишувга эришган. “Вест Хэм” Қудус учун 45 миллион евро ва 5 йиллик шартнома таклиф қилган.

“Манчестер Сити” “Кристал Пэлас” аъзоси Эберечи Эзе ва “Вулверхэмптон” клуби сафида тўп тепаётган Матеуш Нунешга қизиқиш билдирмоқда. Клуб мутасаддилари Нунеш учун 50 миллион евродан кечишга тайёр.

“Манчестер Сити” ҳақида яна бир гап! Жамоа ярим ҳимоячиси Бернарду Силва билан янги шартнома тузди. У «шаҳарликлар» сафида 2026 йилга қадар тўп тепади. Англиянинг “Ноттингем Форест” клуби 11 миллион еврога сотиб олиш таклифи билан Гансало Монтиельни бир йилга ижарага олди.

 Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА