Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳияти янада кенгайтирилади. Ижара ва лизинг соҳасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар самарали тартибга солинади.

Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валютани тартибга солишга, ижара ва лизинг муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган

Шу асосда “Ижара тўғрисида”, “Лизинг тўғрисида” ҳамда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

“Лизинг тўғрисида”ги қонунда лизинг олувчининг розилигисиз фақатгина лизинг объектини гаровга қўйиш мумкин эмаслиги назарда тутилган бўлиб, уни бошқача тарзда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслигига оид қоидалар мавжуд эмаслиги қайд этилди. Ушбу бўшлиқлар оқибатида фуқароларнинг ишончига кириб, уларни алдов ва фирибгарлик йўли билан ижара ва лизинг муносабатларида жиноят содир этиш ҳолатлари ортган. Бундай  жиноятлар оқибатида фуқароларга етказилган зарар ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда.

Шу сабабли “Ижара тўғрисида”ги қонунга кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи киритилиб, шартнома объектини тасарруф этиш ва гаровга қўйиш, шунингдек, ундирувга қаратишнинг ўзига хос хусусиятлари акс эттирилди.

Қонун билан ижарага берувчи ўзига тегишли мол-мулкни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси асосида ижарага берганда ижарага олувчи томонидан шартнома шартлари бажарилганидан сўнг тегишли мулкни ижарага олувчига мулк қилиб топшириш мажбуриятини олиши, ижарага олувчи эса ижара тўловларини шартномада белгиланган муддатларда тўлаш мажбуриятини олиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси тузилган пайтдан эътиборан шартномада кўрсатилган мол-мулк гаровга қўйилган ҳисобланиб, уни бошқа шахсларга гаровга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этиш тақиқланмоқда.

Шунингдек, “Лизинг тўғрисида”ги қонунга лизинг шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шартнома тузилган вақтдан эътиборан шартнома объекти лизинг берувчи томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун лизинг олувчида гаровга олинган ҳисобланиши тўғрисидаги қоида киритилмоқда.

Лизинг берувчи лизинг олувчининг розилигини олмай туриб, лизинг объектини бошқача тарзда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланмоқда.

Қолаверса, ундирувни лизинг объектига қаратишдан олдин унинг қийматини лизинг олувчи томонидан тўлиқ тўлаш орқали мулк қилиб олиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.

Ушбу масала бўйича муносабат билдирган Сенат Раиси Т.Норбоева қонун амалиётдаги реал муаммоларни бартараф этишга йўналтирилганини қайд этди. Ижара, лизинг муносабатларига киришаётганда ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини қонун билан аниқ ва мустаҳкам ҳимоя қилинишига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши зарур. Қонундаги янги нормаларнинг мақсади айнан шундан иборат.

– Қонуннинг муҳимлиги, керакли эканлигини қанча эътироф этмайлик, бевосита ижрочилар уни тўғри англаб, тушуниб олмаса, аниқ ва бир хилда қўлланиши таъминланмаса ёки аҳоли, тадбиркорларнинг ушбу янгиликлардан хабари бўлмаса, натижа кутилганидек бўлмайди, – деди Сенат Раиси. – Шу боис, барча даражадаги, айниқса ҳудудлардаги мутасадди тузилмалардан, маҳаллий кенгаш депутатлари  қонунчиликдаги янгиликлардан ижрочилар ва аҳоли хабардорлигини таъминлаши, ҳуқуқни қўллаш амалиёти бир хилда тўғри ташкил қилинишига жиддий эътибор қаратишлари зарур.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга янги норма киритилиб, унга кўра, бир экспорт шартномаси доирасида жами етказиб берилган маҳсулот қийматининг 5 фоизидан ошмаган қисми бўйича хорижий валюта тушуми таъминланмагани оқибатида вужудга келган муддати ўтган дебитор қарздорлик учун тадбиркорлик субъектларига нисбатан жарима қўлламаслик назарда тутилмоқда.

Сенатда маъқулланган қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА