Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган сўзлари юртимизда тадбиркорнинг мавқейи азалдан юқори бўлганидан далолат беради. Чунки бу соҳа вакилларига барча замонларда мамлакат таянчи, халқ фаровонлигини таъминловчи куч сифатида қаралган. Ишнинг кўзини билганлар доимо қадрланган, уларга зарур шарт-шароит яратиш чоралари кўрилган.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесни ривожлантириш Янги Ўзбекистон сиёсатининг энг устувор йўналишига айлангани бежиз эмас. Бугун ушбу соҳа мамлакатимиз иқтисодиётининг қон томирига айланди ва уни ривожлантиришга халақит бераётган барча тўсиқлар олиб ташланмоқда. Тадбиркорларни ҳақиқий маънода ҳам иқтисодий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояловчи қонунчилик механизмлари шакллантирилди. Солиқ, божхона, логистика билан боғлиқ кўплаб имтиёзлар берилди.

Президентимизнинг 2022 йил 13 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тадбиркорлар фаолиятида асоссиз текширувларнинг олдини олиш, назорат қилувчи органлар масъулиятини ошириш ҳамда текширувларнинг очиқлигини таъминлашда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Энг асосийси, тадбиркорларнинг тинкасини қуритган ноқонуний текширишларга барҳам берилди. Яъни, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат органлари томонидан асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ва фаолияти очиқлигини таъминлаш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада 2023 йилнинг ўтган 7 ойи давомида тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган текширувлар сони 63,1 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39 фоизга қисқарди. Текшириш тартибини бузган назорат органларининг 918 нафар мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди. 69 нафарига интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқотида ҳам жорий йилнинг олти ойида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоиз камайгани, бунинг натижасида тадбиркорларимиз тўғри ишлаш “сояда” ишлашдан кўра афзал эканини тушуниб етаётгани тилга олинди.

Юртимизда бизнесни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайиб, 490 мингга, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ортиб, 10 мингга етди. Йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди. Берилган енгилликлардан фойдаланиб, бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошди. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етди. Бу 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўп демакдир.

Кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилларда атиги 31 фоизга етган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб 55 фоизни ташкил қилди. Иш билан банд бўлган аҳолининг аксарият қисми шу соҳада хизмат қилмоқда ва бугунги кунда яратилаётган янги иш ўринларининг 90 фоизи ҳам айнан кичик бизнес ҳиссасига тўғри келади.

Ушбу йўналишда дунёдаги ўрнимиз ҳам йил сайин яхшиланмоқда. Мамлакатимиз кейинги йилларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлатдан бири сифатида эътироф этилмоқда.

“Ўзбекистон – 2030″ стратегиясида кейинги етти йилда иқтисодиёт ҳажмини икки баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, ЯИМ ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказишдек жуда катта марра олинди. Албатта, бу улкан мақсадга эришиш йўлида аниқ ҳисоб-китоблар, реал имкониятлар бор ва бунда шубҳасиз тадбиркорлар, бизнес вакилларининг ўрни муҳим бўлади.

Албатта, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган бундай хайрли ташаббуслар, аввало, юртимизда инсон қадрини улуғлашдек улуғвор ғоя ҳаётийлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қонунчиликка масъул бўлган биз депутатлар эса белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз бажарилишини назорат қилишга масъул эканимизни асло унутмаслигимиз лозим.

 

Жамшид Қосимов,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати