Ўзбекистон Фанлар академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Румийнинг “Маснавийи маънавий” асари сақланади. Яқинда институт хазинасидаги Жалолиддин Румий асарлари куллиёти ЮНЕСКОнинг Жаҳон хотираси халқаро рўйхатига киритилди.

Шу боис Мавлоно асарлари, ҳаёт йўли ҳақида Шарқшунослик институти Тарихий ҳужжатларни тадқиқ қилиш бўлими бошлиғи Санжар Ғуломовнинг фикрлари билан қизиқдик:

– Жаҳон адабиётининг буюк сиймоларидан бири, улуғ мутафаккир Мавлоно Жалолиддин Румий (1207-1273) асарлари куллиёти ЮНЕСКОнинг Жаҳон хотираси халқаро рўйхатига киритилиши дунё миқёсида катта бир воқеа бўлди, – дейди С.Ғуломов. – Мавлоно асарлари, нафақат юксак бадиийлиги, балки уларга сингдирилган кучли ҳаёт фалсафаси билан оммани ўзига ром этиб келган. Унинг “Маснавийи маънавий”, “Девони кабир”, “Фиҳи ма фиҳи” (Ичингдаги ичингдадир), “Мавоизи мажолиси сабъа” (Етти мажлис мавъизалари) ва “Мактублар”и, мана яратилганига етти асрдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, уларга бўлган қизиқиш, ортса-ортдики, лекин асло сусаймади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида Румий асарлари қўлёзмалари 180 тадан ортиқ бўлиб, XV аср биринчи ярмидан бошлаб то XX асргача ҳар бир аср давомида, турли мамлакатларда кўчирилган ажойиб қўлёзма нусхаларни учратиш мумкин. Бу, ўз навбатида, замон ва макон бўйлаб Румий меросига бўлган кучли қизиқиш ҳамда эҳтиёжнинг равшан исботидир.

Мавлоно Румий асарлари куллиётини Жаҳон хотираси рўйхатига тақдим этиш бўйича ишлар 2017 йил 25-26 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган “Жалолиддин Румий куллиётини ЮНЕСКОнинг Жаҳон хотираси халқаро рўйхатига киритиш юзасидан мунозара мажлиси (Meeting for Discussion on the Possible Joint Nomination of Mawlana’s Kulliyat to UNESCO Memory of the World International Register)” билан бошланган эди.

Йигирмадан ортиқ мамлакат муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ўз жамғармаларидаги Румий асарлари қўлёзмаларини халқаро учрашувларда кенгашган ҳолда бирлашиб, туриб “Мавлоно куллиёти” номи остида ЮНЕСКОга тақдим этган эдилар.

Мана, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти раҳбариятига институт фондидаги Румий асарлари куллиёти ЮНЕСКОнинг Жаҳон хотираси халқаро реестрига қайд этилганини тасдиқловчи сертификат етиб келди. Бу мамлакатимиз учун катта бир шодиёна.

Манбаларга таянадиган бўлсак, мутафаккирнинг Маснавийси бир қанча янги асарларнинг яратилишига ҳам турки бўлган. Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳи ду байт”(Икки байт шарҳи), Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Лубби лубоби Маснавий” (Маснавийдан энг яхши сайланмалар), Одина Эшон Хоразмийнинг “Мифтоҳ ул-асрор” (Сирлар калити), Рўзибой Машрабнинг “Мабдаи нур” (Нурнинг манбаси) асарлари айнан “Маснавийи маънавий”га шарҳ тариқасида яратилган эди.

Шу ўринда мамнуният билан айтиш мумкинки, ЮНЕСКОнинг эътирофи бир тарафдан Мавлоно Румий меросининг жаҳон миқёсида яна бир карра қадрлангани бўлса, иккинчи тарафдан дунё олимларининг аниқ бир мақсад йўлида ҳамфикр ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширган меҳнатларининг ажойиб самарасидир.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА