Севимли футбол жамоамиз ОКМК кеча Осиё чемпионлар лигасининг плей-офф ўйинида Қатарнинг Ал-Араби жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ўз тарихида иккинчи бор гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, “Ал-Араби” Қатарнинг энг кучли ва ўз ички чемпионатида мавсумни 2-ўрин билан якунлаган ва Қатар амири кубоги мусобақасида ғолиб чиққан жамоа саналади. 71 йиллик тарихга эга “Ал-Араби” жамоаси кечаги баҳсга жуда кучли тайёрланган. Улар яқинда машҳур “Пари́ Сен-Жерме́н клубидан марказий ҳимоячи Абду Диаллони трансфер қилишди.
Шунингдек, ушбу жамоа таркибида кеча “Барселона”нинг собиқ футболчиси Рафинья, Сурия терма жамоасининг машҳур футболчиси Умар ас-Сумма, Тунис терма жамоаси футболчиси Юссеф Мсакни, испаниялик Симм Кедари каби маҳоратли футболчилар ОКМКга қарши ўйнаганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мураббий Миржалол Қосимов шогирдлари кечаги ғалабадан сўнг ОКМК жамоаси тарихида янги саҳифа яратмоқда. Кечаги баҳслардан сўнг, гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 24 август куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтади. Қуръа натижаларига кўра, гуруҳ баҳслари уй-сафар тизимида ўтказилиб, Олмалиқ шаҳрида ҳам камида учта халқаро ўйинлар ташкил этилади.
Яна бир муҳим жиҳати ҳозирда жаҳон футбол юлдузлари жам бўлаётган Саудия Арабистони клублари ҳам ОКМК спорт мажмуасидаги учрашувларда иштирок этиш эҳтимоли юқори. Шунингдек, машҳур Криштиану Роналдунинг ҳам Олмалиққа келиш эҳтимоли мавжуд. Бунинг учун севимли жамоамиз ОКМК гуруҳ баҳслари ҳамда нимчорак ва чорак финал баҳсларида зафарли одимларини давом эттириши керак бўлади.
Ўйлаймизки бунинг учун ОКМК футболчиларида ғайрат ва ғалабага бўлган ишонч етарли.
ОКМК ахборот хизмати