Япония, АҚШ ва Жанубий Корея вакиллари иштирокида ўтган телефон мулоқоти чоғида Шимолий Корея Ернинг сунъий йўлдошини учиришдан тийилишга чақирилди. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.

Музокарада Япония ТИВ Осиё ва Океания департаменти директори Хироюки Намазу, АҚШнинг КХДР бўйича махсус вакили Сон Ким ва Жанубий Корея ТИВнинг ярим оролда тинчлик ва хавфсизлик масаласи бўйича махсус вакили Ким Гон иштирок этган.

Томонлар Токио, Вашингтон ва Сеулнинг минтақадаги муаммоларни ҳал этиш салоҳиятини ошириш учун яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Япония Қирғоқ хавфсизлиги КХДРнинг 24-31 август кунлари сунъий йўлдош учириш режаси тўғрисида хабар келиб тушганини маълум қилган.

ЎзА