Хитой халқаро вазият ўзгаришидан қатъи назар, Жанубий Африка Республикаси билан муносабатни чуқурлаштиришга қарор қилди. Бу ҳақда ХХР Раиси Си Цзиньпин ЖАР Президенти Сирил Рамафоса билан музокарадан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Яна такрор айтмоқчиманки, халқаро вазият қандай ўзгармасин, Хитойнинг Жанубий Африка билан дўстона ҳамкорликни чуқурлаштиришга нисбатан қатъияти ўзгармайди”, деди Хитой раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ҳозир “олтин аср”га кирди ва бу икки давлат ривожланишига ҳисса қўшмоқда”.
ХХР етакчиси, шунингдек, “Хитой – Жанубий Африка муносабати икки томонлама алоқалар доирасидан чиқиб, глобал аҳамиятга эга бўлиб бормоқда”, деб таъкидлади.
Синьхуа агентлиги хабарига кўра, Си Цзиньпин кеча Преторияда икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этган. Куннинг иккинчи ярмида БРИКС саммитида қатнашиш учун Йоханнесбург шаҳрига жўнаб кетган.