Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 август куни рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан Боку шаҳрига келди.
Ҳайдар Алиев номидаги аэропортда давлатимиз раҳбарини Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон – тили, анъана ва урф-одатлари бир-бирига жуда ўхшаш дўст мамлакатлар. Бу дўстликнинг илдизлари эса узоқ тарихдан қувват олади.
“Авесто” китоби икки элнинг муштарак ёдгорлиги саналади. Ўзбек ва озарнинг байрами – Наврўзи бир. Халқ оғзаки ижодининг нодир дурдоналари – “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб”, “Дада Қўрқут” достонлари эса азалий қардошликнинг илдизлари ҳақида янада теран сўзлайди. Уларнинг санъати, мусиқаси ҳамоҳанг. Шу жиҳатдан ҳам бу икки халқ вакили сўзлашганда тилмочга ўрин қолмайди.
Кейинги йилларда бу азалий биродарлик, ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Икки мамлакат Президентларининг сиёсий иродаси, узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати, ҳеч муболағасиз, дўстлик алоқаларига янги руҳ бағишлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрига келгач, Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев мангу қўним топган Фахр хиёбонига ташриф буюрди.
Ҳайдар Алиевнинг мустақил Озарбайжонни барпо этиш ва мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари беқиёс. Мамлакатнинг жадал ривожланиш даври ва халқаро майдондаги нуфузининг юксалиши айнан унинг исми билан боғлиқ.
Қардош ўзбек халқи билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга доимо алоҳида эътибор қаратган Ҳайдар Алиевни юртимизда яхши билишади. Ўзбекистонда унинг юз йиллик юбилейи кенг нишонланди. Шу муносабат билан почта маркалари босилган, турли маданий-маърифий ва илмий тадбирлар ўтказилган эди.
Тошкентда Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси номидаги кўча, унга бағишланган хиёбон ва ёдгорлик очилган.
Шавкат Мирзиёев буюк давлат ва сиёсат арбоби Ҳайдар Алиев қабрига гул қўйиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Боку шаҳридаги Шаҳидлар хиёбонига борди.
Озарбайжон пойтахтининг қоқ марказида жойлашган ушбу ёдгорлик мажмуасида мамлакат озодлиги ва ҳудудий яхлитлиги йўлида қурбон бўлган юрт қаҳрамонлари дафн этилган.
Ўзбекистон етакчиси ёдгорликка гулчамбар қўйиб, Озарбайжон ватанпарварлари хотирасига эҳтиром кўрсатди.
“Зуғулба” қароргоҳида давлат ташрифи билан Озарбайжон Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президентини расман кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва рафиқаси самимий қарши олди.
Қароргоҳ майдонида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Ҳарбий оркестр ижросида икки давлат мадҳиялари янгради.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев тор доирада учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президентига ташриф билан келиш таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Етакчилар Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
Парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар, ташқи сиёсий ва бошқа идоралар, таҳлилий доиралар ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръатда ошиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.
Озарбайжонда Ўзбекистон автомобилларини йиғиш, ипакчилик ва тўқимачилик кластерлари ташкил этилгани самарали ҳамкорликка мисол бўла олади.
Ташриф арафасида ўтказилган бизнес-форум натижасида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг салмоқли тўплами шакллантирилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари энергетика, машинасозлик, металлургия, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмалар, тўқимачилик, ипакчилик, фармацевтика, электротехника ва бошқа тармоқларда саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида Ўзбекистон – Озарбайжон инвестиция компаниясининг самарали фаолиятини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўрта коридор орқали юк ташишни кўпайтириш, логистика ва портлар инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, янги кооперация лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва илгари суриш учун икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ташкил этиш муҳимлигини қайд этдилар.
Томонлар маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш, таълим ва фан соҳасида қўшма дастурларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, кибержиноятларга қарши курашиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқотни ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.
Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари дини бир, қадриятлари, анъаналари, тили ва маданияти ўхшаш бўлган халқларимиз ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда энг юксак даражага кўтарилганини қайд этди.
Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон халқини атоқли давлат арбоби, умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллик юбилейи билан табриклади.
Президентлар куни кеча икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида ўтган бизнес-форум якунларини юқори баҳоладилар.
Савдо ва саноат кооперациясида жадал ўсиш кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Яқин йилларда учинчи мамлакатлардан қиммат импортнинг ўрнини миллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон ва сифатли маҳсулотлари билан босиш орқали товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Саноат кооперацияси хусусида сўз борар экан, Президентлар энергетика, металлургия, фойдали қазилмалар, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини олқишладилар. Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция жамғармасининг маблағларини фаол ўзлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, уларнинг саноат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда янги кооперация лойиҳаларини илгари суриш учун ҳудудий маъмуриятлар раҳбарларининг тўғридан-тўғри мулоқотини ва мунтазам учрашувларини йўлга қўйиш ғояси қўллаб-қувватланди.
Етакчилар транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегик жиҳатдан муҳимлигини қайд этдилар.
Ўтган йилда Ўзбекистон юкларини Боку порти орқали ташиш ҳажми қарийб икки баробар ошди. Мамлакатимиз бундан буён ҳам Озарбайжоннинг замонавий транспорт тармоғидан фойдаланиб, юк ташишни кўпайтириш ниятида.
Шу маънода, Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини барпо этиш чоралари муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди, шу жумладан, Маданият ва кино кунлари, ижодий ва илмий зиёлилар, ёшлар ташкилотларининг учрашувларини ўтказишга келишиб олинди.
Йиғилиш давомида ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, транспорт ва энергетика, қишлоқ хўжалиги ва маданият вазирларининг музокаралар кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Якунда давлат раҳбарлари қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини таъсис этишга топшириқ бердилар.
Олий даражадаги музокаралар якунлангач, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзоладилар.
Бундан ташқари, ташриф доирасида давлатлар, ҳукуматлар ва идоралар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди.
2023-2024 йилларда ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича “йўл харитаси”, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида, ёшларга оид сиёсат ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Медиа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” шулар жумласидан.
Бундан ташқари, Фуқароларнинг визасиз қатновлари тўғрисидаги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, “Е-permit” рухсатнома бланкларини электрон алмашиш ахборот тизимини жорий қилиш, оила ва болаларни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди ҳамда Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасидаги, киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг бир қатор истиқболли йўналишларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Давлатимиз раҳбари ҳар доимгидек самимий меҳмондўстлик учун Озарбайжон етакчисига миннатдорлик билдирди.
– Сайловдан кейинги биринчи ташрифимни айнан Озарбайжонга амалга ошираётганим рамзий маънога эга. Бу икки томонлама ҳаморлигимиз энг юксак даражага чиққани, яқинлашишга ўзаро интилиш борлиги, шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради, – деди Ўзбекистон Президенти.
Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доим қўллаб-қувватлаб келгани ва бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Шу муносабат билан мамлакатимиз етакчиси Қорабоғда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг кўлами ва суръатини юқори баҳолади.
Музокаралар натижалари катта мамнуният билан қайд этилди. Уларда кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари муҳокама қилинди.
– Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида ҳеч қандай муаммоли масалалар йўқлигини таъкидлаш жоиз. Биз қардош халқларимиз манфаатлари йўлида катта салоҳиятдан самарали фойдаланишнинг янги имкониятлари ва механизмларини излаш долзарб эканига урғу бердик, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг Олий давлатлараро кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг имзолангани икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб бериши таъкидланди.
Олий даражадаги учрашувлар чоғида кўп қиррали шерикликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Давлат раҳбарлари савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор бердилар. Автомобилсозлик, металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, туризм ва бошқа тармоқлардаги йирик лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, янги логистика занжирларини ривожлантириш ва инфратузилмани барпо этиш, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир драйвери сифатида икки мамлакат ҳудудларининг имкониятлари максимал даражада ишга солинади. Ҳокимлар, маъмуриятлар раҳбарлари янги кооперация лойиҳалари ва гуманитар алмашинувни илгари суриш учун жойларда мунтазам учрашадилар.
Музокараларда маданият соҳасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Яқинда Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари катта муваффақият билан ўтди. Ушбу тадбирлар доирасида Бокуда ўзбек мумтоз адабиётининг буюк вакили Абдулла Қодирийнинг озарбайжон тилига таржима қилинган “Ўткан кунлар” романи тақдимот қилинди.
Маданият ва кино кунлари, ижод ва илм-фан арбобларининг учрашувлари мунтазам ўтказиб бориладиган бўлди. Жорий йилда Ўзбекистонда биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон ёшлар форуми ташкил этилади.
Етакчилар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, МДҲ, ЕХҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа кўп томонлама институтлар доирасида ҳам самарали мулоқотни давом эттиришга аҳдлашиб олдилар.
– Бугунги музокаралар стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга интилишимиз қатъий эканини яна бир бор намойиш этди. Саъй-ҳаракатларимиз аниқ натижаларга қаратилган, – деди Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи давом этмоқда.
ЎзА