Жорий йилнинг сентябрь ойи таэквондочиларимиз учун ўта масъулиятли. Боиси 1-3 сентябрь кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида таэквондо WT бўйича Гран-при мусобақаси ҳамда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари XIX Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.
Ҳозирда таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент вилоятида мазкур мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда. ЎзА мухбири спортчиларимизнинг мусобақалар олдидан олиб бораётган машғулотлари, кутилаётган натижалар ва режалар ҳақида терма жамоа мураббийи Жасур Бойқўзиев билан суҳбатлашди.
– Навбатдаги ўқув-машғулот йиғини қандай ўтмоқда? Машғулотлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Бу галги ўқув-машғулот йиғини Дукент қўрғонида 5-25 август кунларига мўлжалланган бўлиб, унда терма жамоамизнинг энг кучли 24 нафар таэквондочиси иштирок этмоқда. Спортчиларимизга 8 нафар мураббий машғулотларни ўтказиш учун бириктирилган. Йиғиндан кўзланган асосий мақсад Париж Гран-приси ва Осиё ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришдир.
Машғулотлар ҳақида гапириб ўтадиган бўлсам, асосан спортчиларимиз умумий жисмоний ҳолатни бир маромда ушлаб турувчи машқларни бажармоқда. Шунингдек, техник ва тактик ҳамда баҳсларга руҳан тайёр бўлиш борасида кўникмаларга эга бўлмоқда.
– Олдинда турган режалар ва ассоциация томонидан яратилаётган шароитлар ҳақида қисқача гапириб берсангиз.
– Биз учун олдинда турган тўрт ой ўта муҳим. Олдинда бизни 3 та Гран-при, 1 та “Катта дубулға” мусобақалари ва Осиё ўйинлари кутиб турибди. Бу мусобақаларда максимал даражада рейтинг очколарини жамғаришимиз лозим. Сабаби, йил якунида ушбу мусобақаларда эришилган рейтинг очколари сарҳисоб қилинади ва келаси йили бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида тўғридан-тўғри иштирок этадиган спортчи рўйхати эълон қилинади. Умид қиламизки, таэквондочиларимиз кутилган натижаларга эришади.
Ассоциация томонидан етарли шароитлар яратиб келинмоқда. Мусобақа олдидан йиғин ва мусобақа давомида ҳам спортчи, ҳам мураббийлар керакли барча инвентарлар, спорт кийимлари ва жиҳозлари, витамин ҳамда минераллар билан ўз вақтида таъминланмоқда. Бу учун мураббий ва спортчилар номидан спортимиз мутасаддиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
– Сиз спортчи сифатида юқори марраларни забт этгансиз. Энди мураббийлик фаолиятингиз қандай кечаяпти?
– Мураббийлик фаолияти яхши ўтмоқда дея оламан. Бугунга қадар халқаро мусобақалар, Осиё чемпионати, Ислом бирдамлик ўйинларида шогирдим Шуҳрат Салаев олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Диёр Тўхлибоев мамлакатимиз ва халқаро турнирларда шоҳсупага кўтарилмоқда. Ҳали уларнинг фаолияти давом этмоқда. Насиб қилса, жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпиони бўлади. Мураббийлик фаолияти қийин бўлса-да, доимо олға интилишга харакат қилмоқдаман. Мақсадим, шогирдларим ўзим эриша олмаган марраларни забт этишидир. Бу мақсад йўлидан ҳеч қачон ортга чекинмайман. Айни кунларда Ўзбекистон катталар терма жамоасида мураббий ва “Назаралиев” клубида катта мураббийлик қилмоқдаман.
– Мамлакатимизда таэквондони янада ривожлантириш борасида мураббий сифатида нималар қилмоқдасиз?
– Юртимизда мазкур спорт турини ривожлантириш учун катта эътиборни навқирон авлодга қаратмоқдамиз. Аниқроқ айтадиган бўлсам, мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда ва маҳаллаларда таэквондо тўгаракларини очмоқдамиз. Бундан мақсад, улар ушбу спорт турига болалагидан меҳри қўяди ва энг муҳими вақтдан ютилади. Кўзланган улкан мақсадларга ёшлигидан эришишга имкон бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев сухбатлашди.