Жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари мамлакатимиз спортчилари Хитойда ўтказиладиган “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Бошланишига 31 кун қолган қитъа ўйинларида мамлакатимиз спортчилари нечта спорт турида қанча спортчи билан иштирок этади? «Ханчжоу-2022″да совринли ўринларни эгаллаган спортчиларга давлатимиз томонидан бериладиган мукофот пулларининг миқдори қанча бўлади? Шу каби саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий ҳол, албатта.
Айтиш лозим, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилнинг 5 майида имзоланган “2023 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX Осиё ўйинлари ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорга асосан терма жамоалар, алоҳида спортчилар учун барча шарт-шароитлар тўла-тўкис яратиб берилди.
Ички ва халқаро ўқув-машғулот йиғинлари, зарур маблағ, тиббий кўмак, ижтимоий ва иқтисодий қўллов ҳамма даврлардагидан-да юқори бўлди. Яратилган имкониятга муносиб бўлиш спортчиларимизнинг салоҳиятига, мураббий-мутахассисларнинг техник-тактик ҳаракатига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Қарорга асосан Осиё ва Параосиё ўйинларида олтин медални қўлга киритган спортчилар 5 000 АҚШ доллари миқдорида мукофотланса, кумуш ва бронза медали соҳиблари 3 минг ва 2 минг АҚШ доллари билан, уларни тайёрлаган тренерлар 2500, 1500 ҳамда 1000 АҚШ доллари билан тақдирланади.
Бундан ташқари, Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаган бошқа мутахассислар 2 000, 1 000, 500 АҚШ доллари миқдорида ҳар бир медаль учун бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилиши назарда тутилган.
Шунингдек, қарорга асосан «Ханчжоу-2022» ўйинларида ғолиб ва совриндор спортчилар ва уларни тайёрлаган тренерлар қўшимча равишда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилади:
а) Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари:
олтин медаль учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида;
кумуш медаль учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида;
бронза медаль учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида рағбатлантирилади;
б) Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаган тренерлар:
олтин медаль учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида;
кумуш медаль учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида;
бронза медаль учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда ўтказиладиган «Ханчжоу-2022» Осиё ўйинларида мамлакатимизнинг 400 нафардан зиёд спортчи ёшлари 39 та спорт туридаги баҳсларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА